НАТО Россиянинг Балтиқбўйи мамлакатларига эҳтимолий ҳужумига тайёргарлик кўрмоқда. Билд нашрининг аниқлашича, алянс Россия қўшинлари Эстония, Латвия ёки Литвага ҳужум қилган тақдирда ҳаракат қилишнинг учта вариантини ишлаб чиққан. Асосий мақсад ҳужумни тўхтатиш ва Россия кучларини максимал даражада заифлаштиришдир.
Биринчи босқич ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратлари (дрон) ҳужумларини бостиришдан иборат. Бунинг учун НАТО Россия ракета мажмуаларини йўқ қилишда қирувчи самолётлар, ракеталар ва дронлардан фойдаланишни режалаштирмоқда. Кўплаб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда ракета мажмуалари жойлаштирилган Калининград вилояти асосий нишонлардан бирига айланиши мумкин.
Кейинги босқичда НАТО бевосита Россия ҳудудига зарбалар бериши мумкин. Махсус топшириқ берилган кучлар ҳарбий ва логистика объектларини: аэродромлар, мудофаа корхоналари, кўприклар ҳамда қўшин ва техникаларни ташиш учун фойдаланиладиган темирйўлларни йўқ қилиши керак бўлади. Алянс, шунингдек, Владимир Путинга қарши бўлган россияликларнинг ёрдамига ҳам умид қилмоқда.
Ўз навбатида, НАТО Россияга дронлар ва роботларни ташиш учун “ҳаво кўприги”ни яратишни режалаштирмоқда. Улар, жумладан, аэродромлар ҳамда ҳарбий базаларга ҳужум қилади. Шу билан бирга, алянсдагилар Россия ҳудудини эгаллаб олиш режалаштирилмаганини таъкидламоқда. Вазифа Россия қўшинларини чегарагача суриб чиқаришдан иборат.