Тошкент вилоятида Россиядан олиб келинаётган йирик миқдордаги синтетик наркотик модда контрабандаси фош этилди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Навоий” чегара божхона пости орқали кириб келган Lada Largus автомашинаси текширилди. Натижада юкхонадаги узатмалар қутиси ичига яширилган ҳолда 2 кг 300 грамм “мефедрон” наркотик моддаси аниқланди.
Аниқланишича, “Ўзбекистон – Россия” йўналишида киракашлик билан шуғулланувчи мазкур фуқаро ушбу автоэҳтиёт қисмни Тошкент вилоятида кутиб турган, 2000 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган шахсга етказиши маълум бўлиб, тезкор тадбир давом эттирилди ҳамда буюртмани қабул қилиб олган вақтида у ҳам қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) ва 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш...) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.