"Коммерсантъ" нашрининг ёзишича, 23 июндан бошлаб Воронеж вилоятида чекловлар жорий этилмоқда. Воронеж ҳудудида бир мартада бакка 30 литрдан кўп бўлмаган бензин ва 60 литр дизел, трассада эса 60 литр бензин ва 200 литр дизел қуйилади.
Саратов вилоятида 23 июндан бошлаб битта машинага 30 литрдан ортиқ бензин сотиш тақиқланди. Омск вилоятида 40 литр бензин ва 80 литр дизел лимити жорий этилади. Амур, Тамбов, Липецк, Тула, Твер ва Владимир вилоятларида ҳам шунга ўхшаш чекловлар ҳақида хабар берилмоқда.
"The Bell" нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, июн ойининг ўрталаридаги ҳолатга кўра Россиянинг 53 та ҳудудида ёнилғи билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. Уларнинг кўпчилигида бензин нархи бир литр учун 100 рублга яқинлашиб қолди.
Май ойида Россияда нефт қазиб олиш Украина дронларининг нефтни қайта ишлаш заводлари ва нефт базаларига ҳужумлари кучайганидан кейин йил давомидаги минимумга тушди.
"Reuters" агентлиги маълумотларига кўра, май ойи охирида зарбалар туфайли мамлакатнинг марказий қисмидаги деярли барча йирик нефт саноати объектлари ишни қисқартиришга ёки тўхтатишга мажбур бўлган.