Москва Украина бўйлаб кундузги ҳужум давомида жами 409 та дрон учирди, натижада Тернопол шаҳрида 10 киши жароҳатланди.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 08:00 дан 15:30 гача юборилган дронларнинг 388 таси уриб туширилган ёки зарарсизлантирилган. Бундан ташқари, ўша куни тунда ҳам яна 210 та дрон билан зарба берилган эди.
Ҳужумлар оқибатида Черкасси вилояти тепасида 19 та дрон уриб туширилган, болалар боғчаси, мактаб, 7 та хусусий уй ва электр узатиш линияси зарар кўрган. Винница вилоятида бир бино вайрон бўлиб, бир аёл киши жабрланган. Одесса шаҳри яқинида эса савдо марказининг томи шикастланиши натижасида ёнғин келиб чиққан.