Давлат Думасининг (парламент) 27 июл куни бўлиб ўтган якуний ялпи мажлисида парламент спикери Вячеслав Володин беш йил ичида Дума 2980 та қонун қабул қилганини, парламентарийларнинг устувор вазифаси эса президент топшириқларини бажариш ва Махсус ҳарбий амалиёт самарали боришини таъминлаш бўлганини маълум қилди.
Шунингдек, Володин "партиялар кўп, аммо ватан битта" эканлигини таъкидлади ва шундан сўнг беш маротаба: "Россия! Путин! Ғалаба!" деб хитоб қилди. Айни шу паллада залдаги барча иштирокчилар ўринларидан туриб, қарсак чалди.
Ўз нутқи сўнггида Вячеслав Володин депутатларни "мамлакат учун курашиш"га ва "Россия душманларининг ваҳима тарқатишга уринишларига қарши туриш"га чақирди.
VIII чақириқ Давлат Думаси томонидан қабул қилинган қонунлар қаторида "ҳарбий фейклар" ва армияни "обрўсизлантириш" учун жиноий жавобгарлик белгилаш, ўзини мустақил деб эълон қилган "ДХР" ва "ЛХР" билан шартномаларни ратификация қилиш, миграция қонунчилигини кучайтириш ҳамда мамлакатни тарк этган россияликларга қарши репрессив қонунлар мавжуд.
Россия Давлат Думасига навбатдаги сайловлар жорий йилнинг 20 сентябрида ўтказилиши белгиланган.