Россия 8-9-май кунлари бир томонлама сулҳ эълон қилди ва Москвадаги парадни бузишга уриниш бўлса, Киевга зарба бериш билан таҳдид қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги "Совет халқининг Улуғ Ватан урушидаги ғалабасини нишонлаш шарафига" деб номланган "сулҳ" эълон қилди. Қайд этилишича, ушбу сулҳ 8 ва 9 май кунлари амал қилади.
"Украина томони ҳам ушбу сулҳга амал қилади деб умид қиламиз", дейилади Россия Мудофаа вазирлигининг баёнотида. Вазирлик сулҳни президент Владимир Путиннинг қарорига таяниб эълон қилди.
Шу билан бирга, Россия Мудофаа вазирлиги Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Ереванда ўтган Европа сиёсий ҳамжамияти саммитидаги сўзларига ишора қилмоқда ва буни "айнан 9 май куни Москвага зарба бериш таҳдиди" деб талқин қилмоқда.
"Агар Киев режими Ғалабанинг 81 йиллигини нишонлашни бузиш мақсадида ўз жиноий режаларини амалга оширишга уринса, Россия Қуролли Кучлари Киев марказига жавоб тариқасида оммавий ракета зарбаси беради", дейилади Россия Мудофаа вазирлик хабарида.
Маълумот ўрнида, Киев уруш бошланганидан буён бир неча бор Россия томонидан кенг қамровли ракета зарбаларига учраган.