15 нафар Украина фуқароси оилани бирлаштириш бўйича гуманитар операция доирасида Россиядан ватанига қайтди.
Бу ҳақда Украина Омбудсмани Дмитрий Лубинец ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унга кўра, яна 45 нафар украиналик Россия Федерациясидаги хорижликларни вақтинча сақлаш марказларидан қайтарилган.
Украина ва Россия инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсманлари ўртасидаги учрашувда Халқаро Қизил Хоч қўмитаси кўмагида украиналик ҳарбий асирлар учун гуманитар ёрдам, 2000 га яқин посилка ва қариндошларининг хатлари етказилди.
Бундан ташқари, томонлар бедарак йўқолганларни текшириш, ноқонуний ҳибсга олинган фуқароларни қайтариш, Россияда ҳукм қилинган украиналик ҳарбий асирларнинг ҳолатини муҳокама қилди. Ҳар бир тоифа бўйича рўйхатлар алмашилди, гуманитар масалалар бўйича келгусида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.