«Ан-Наср» ҳужумчиси Криштиану Роналду Саудия Арабистони чемпионати атрофида юзага келган вазият ва футболчиларнинг доимий эътирозлари ҳақида ўз фикрларини очиқ-ойдин баён қилди.
«Ал-Аҳли» устидан қозонилган ғалабадан (2:0) сўнг португалиялик юлдуз лигадаги муҳитдан норози эканини яширмади.
«Ҳамма шикоят қиляпти. Кўпчилик қилиши керак бўлганидан кўпроғини қилмоқда. Бу — футбол, уруш эмас. Ҳамма ғалаба учун курашишини биламиз, аммо ҳамма нарсага ҳам рухсат берилган эмас.
Мавсум якунида мен албатта гапираман, чунки ҳозир жуда кўп салбий ҳолатларни кўряпман. Кўплаб футболчилар ҳакамлар, лига ва лойиҳа ҳақида тинимсиз шикоятлар жойлаштиришмоқда», — дейди Роналду.
41 ёшли футболчининг фикрича, бундай салбий ёндашув лиганинг ривожланиш мақсадларига зид келади.
«Бу нотўғри деб ўйлайман. Агар биз дунёнинг энг яхши лигаларидан бирига айланиб, Европа билан рақобатлашмоқчи бўлсак, намуна бўлишимиз керак. Бундай ҳаракатларни тўхтатишимиз, вазиятни таҳлил қилишимиз ва лига раҳбарияти билан гаплашишимиз зарур. Чунки менинг назаримда, бу аллақачон футбол бўлмай қолди», — дея қўшимча қилди «Ан-Наср» сардори.