Криштиану Роналду Саудия Арабистонида тўп сураётганига қарийб уч ярим йил бўлди. Бу вақт ичида португалиялик юлдузда «Ан-Наср» билан соврин қўлга киритиш учун 14 та имконият бўлди. Шунга қарамай, ушбу турнирларнинг барчасида бошқа жамоалар ғолиб чиқди.
Таъкидлаш жоизки, шанба куни бўлиб ўтган ОФК Чемпионлар Лигаси – 2 финалида «Ан-Наср» «Гамба Осака»га қарши баҳсда яққол фаворит ҳисобланаётган эди. Бироқ японияликлар учрашувда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Орадан беш кун ўтиб, 21 май куни Саудия Арабистони чемпионатининг сўнгги тур учрашувлари бўлиб ўтади. «Ан-Наср» ўз майдонида «Дамак»ни қабул қилади ва ғалаба қозонган тақдирда, аниқ чемпионга айланади. Аммо Роналду ва унинг жамоадошлари очко йўқотадиган бўлса, «Ал-Ҳилол»да биринчи ўринга кўтарилиб олиш имконияти пайдо бўлади.