2026 йил 29 май куни Тошкент шаҳридаги Humo Arena мажмуасида йирик профессионал бокс оқшоми ташкил этилади. Мазкур нуфузли тадбир WBC Eurasia ҳамда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси ҳамкорлигида ўтказилади.
Бокс кечасида Олимпия чемпионлари ва жаҳон рингининг машҳур юлдузлари иштирокида бир қатор муҳим жанглар бўлиб ўтади.
Асосий карднинг энг диққатга сазовор тўқнашувларидан бири енгил вазн тоифасида кубалик икки карра Олимпия чемпиони Робези Рамирез ҳамда тожикистонлик иқтидорли боксчи Асрор Воҳидов ўртасида кечади.
Робези Рамирез 2012 йил Лондон ва 2016 йил Рио-де-Жанейро Олимпия ўйинлари ғолиби ҳисобланади. Шунингдек, у Панамерика ўйинлари, Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси ўйинлари ғолиби, Ёшлар Олимпиадаси чемпиони ҳамда AIBA ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби сифатида ҳам катта ютуқларга эришган.
Профессионал рингда кубалик боксчи 17 та жанг ўтказиб, 14 ғалаба ва 3 мағлубият қайд этган. Ғалабаларининг 9 тасини нокаут билан якунлагани унинг юқори даражадаги ҳужумкор услубидан далолат беради.
Унинг рақиби Асрор Воҳидов ҳаваскор боксда ёшлар ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. 30 ёшли боксчи профессионал фаолияти давомида 14 та жангда иштирок этиб, 13 ғалаба ва 1 мағлубият қайд этган. Унинг 7 та ғалабаси муддатидан аввал нокаут орқали қўлга киритилган.
10 раундга мўлжалланган мазкур беллашув 29 май куни Тошкентдаги бокс оқшомининг энг марказий ва муросасиз жангларидан бири бўлиши кутилмоқда.