Рақобат қўмитаси томонидан дори воситаларига белгиланган чекланган савдо устамаларини асоссиз ошириш ҳолатлари кенг кўламда аниқланди. Текширувлар «Fair tech» ягона ахборот тизими орқали келиб тушган хабарлар асосида амалга оширилган.
Маълум қилинишича, 2025–2026 йиллар давомида 991 та дорихонада қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилган. Уларнинг 152 таси улгуржи, 839 таси эса чакана савдо субъектларидир. Жами 414 минг 305 та ҳолатда 8,5 млрд сўм миқдорида асоссиз даромад олингани аниқланган.
Қўмита ушбу маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилиш орқали истеъмолчилар манфаатига қайтариш чораларини кўрганини маълум қилди. Шу билан бирга, қонун талабларини бузган субъектларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда.
Текширувлар натижасида лицензия талабларини қўпол равишда бузган дорихоналар бўйича тегишли тақдимномалар киритилган. Бу асосда айрим компаниялар фаолияти тўхтатилди.
Хусусан, «FARM EFFEKT», «PHARMA BREND», «GIPOFIZ FARM», «MAXSUDBEK BIZNES», «THE GREAT FARM» ва «MEDEX GROUP PHARM» каби корхоналар лицензиясидан маҳрум этилди.
Қўмита маълумотига кўра, бу қарорлар дори воситалари нархларини белгиланган меъёрлардан юқори қўллаш ҳолатлари билан боғлиқ. Бундай амалиёт истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиши қайд этилган.
Шунингдек, аниқланган ҳолатлар бўйича материаллар Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига ҳам тақдим этилган.