Бугун 18 ноябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Рамазон кўчасида, Чирчиқда талончилик содир бўлди

A A A
Рамазон кўчасида, Чирчиқда талончилик содир бўлди

Муборак Рамазон ойи кўнгилларимизга ажиб ҳаловат бахш этишда давом этмоқда. Юртдошларимиз ихлос ила рўза тутиб, нафсни енгмоқ, сабрли бўлиш сабоғини яна бир бор ўрганмоқда. 

Рамазон ойи шукуҳи Рамазон кўчасида янада ўзгача бўлишига шубҳа йўқ. Шундай номдаги кўчанинг борлиги киши қалбини ёритади. Рамазон ойи кириб келганда шу кўчада истиқомат қилувчиларнинг шодлигини тасаввур қилаверинг. 

Бу кўча қаерда экан, деб ўйлаяпсизми? Ҳа, уни мен ҳам ҳозиргина билдим – Чирчиқ шаҳрида экан. 

Аммо шу мунаввар кунларда бу кўчада содир бўлган воқеа эса...

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Чирчиқ шаҳар Рамазон кўчасида икки номаълум шахс қиз боланинг қўлидаги уяли телефон аппарати, 35 минг сўм пули ва қулоғидаги зирагини ечиб олган. 

Жабрланувчининг ички ишлар органига қилган мурожаатидан сўнг олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида бу талончилик жиноятини Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида яшовчи Р.Э. ва унинг қўшниси С.Н. содир этгани аниқланиб, қўлга олинган. 

Тўғри, одамлар орасида бундай ҳолатлар учраётгани янгилик эмас. Лекин шундай йўл тутаётган кимсалар ҳеч бўлмаса муборак кунларда пасткашликлардан сал чекинса бўлмасмиди? 

Бундай қилмишни инсофи бор ҳар бир одам, дин ҳам, қонун ҳам қоралайди, албатта. Лекин бу борада янада аниқ далилларга яна бир кўз ташласак, фойдадан ҳоли бўлмас. 

islom.uz сайтида қайд этилишича, Ҳадисда «Мўминларнинг молини ноҳақ ўзлаштирадиган кишилар Қиёмат кунида дўзахга тушурлар» дейилган.

Абу Лайс Ас-Самарқандий ҳазратларининг «Танбеҳул ғофилийн» асарида бу ҳақда қуйидаги жумлаларни ўқиш мумкин: «Ким ўн дирҳам ўғирласа, унинг қўли кесилади. Мусулмон кишининг қўли ўн дирҳамнинг ҳурматидан эмас, балки икки иш сабабидан кесилади: мўминлар ҳаётини оёқ-ости қилгани ва Аллоҳ тақсим қилган нарсага рози бўлмагани учун. У бошқанинг молига кўз олайтирди. Тангри таоло унинг қилган иши сабабли жазо сифатида ва Яратганнинг бошқа тақсимотига рози бўлмайдиганларга ибрат учун кесишга буюрди».

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилиб дебдилар: «Мўмин одамни сўкиш - фосиқлик, ўлдириш - кофирликдир. Унинг моли ҳурмати - қонининг ҳурмати кабидир, яъни, қонини тўкиш қандай ҳаром бўлса, молини олиш ҳам шундай ҳаромдир».

Жиноят кодексининг 166-моддасига кўра, талончилик, яъни ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш - уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 

Бу жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса - уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 

Талончилик такроран ёки хавфли рецидивист, уюшган жиноий гуруҳ томонидан содир этилса таланган мулк миқдорига қараб жазо янада оғирлашади. 

Аслида, битта телефон, 35 минг сўм ва зирак ҳам гуноҳ, ҳам жавобгарликни бўйинга олишга арзийдими? Афсуски, йўқ. Олинган нарсалар булардан минг чандон кўп бўлганда ҳам инсон ўз қадрини ерга уришига арзимайди. Шундай эмасми? 

ЎзА

Киритилди: 06:23 21.05.2018. Ўқилди: 1395 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар