Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Тошкентдаги Адиблар хиёбонида “Қишда қушларга кўмак” акцияси ўтказилди.
3-февраль — “Халқаро қушларни озиқлантириш куни”га бағишлаб ўтказилган тадбирда ёш экофаоллар, мактаб ўқувчилари, волонтёрлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Акция давомида ёш ўғил-қизлар томонидан ўзлари ясаган қуш инлари дарахтларга қўйиб чиқилди. Шунингдек, қушлар учун озуқа маҳсулотлари тарқатилди.
Маълумот учун, “Қишда қушларга кўмак” акцияси республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилди. Унда жами 1400 га яқин ёш экофаоллар қатнашди. Бунда белгиланган ҳудудларда қушларнинг қишда озиқланишини осонлаштириш мақсадида турли озуқа маҳсулотлари сепилди ҳамда қуш инлари ўрнатилди.
Таъкидлаш жоизки, Экология қўмитаси томонидан қишнинг совуқ кунларида нафақат қушлар, умуман ёввойи фауна вакилларининг яшаш шароитини осонлаштириш мақсадида турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Ҳар йили қушларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилади ва бунда асосан ёшлар жалб қилинади. Мақсад нафақат қушларни сақлаб қолиш, балки бевосита ёшларнинг экологик маданиятини юксалтиришдир.
Маълумот учун, бугунги кунда юртимизда 500 турга яқин қушлар мавжуд. Булардaн 50 турдаги қушлар Қизил китобга киритилган, яъни ноёб қушлар ҳисобланади. Қушларнинг 320 тури (67,2%) миграцияда иштирок этади.