Бугун 25 май, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Қуролли Кучларни ривожлантириш йўлида умумий мақсадлар сари

A A A
Қуролли Кучларни ривожлантириш йўлида умумий мақсадлар сари

Ўзбекистон хорижий давлатлар билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, Россия Федерацияси билан алоқалар доираси йил сайин кенгаймоқда. Бошқа йўналишлар қаторида икки мамлакатнинг ҳарбий соҳадаги ҳамкорлиги ҳам изчил ривожланмоқда.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2000 йилдан бошлаб, Ўзбекистон билан Россия ўртасида ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик мудофаа маҳкамалари ўртасида ҳар йили имзоланадиган ҳарбий ҳамкорлик режаси асосида амалга оширилади. Ушбу режа доирасида томонлар тезкор ва жанговар тайёргарлик, ҳарбий кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, ҳаво кемалари ҳаракатини бошқариш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш каби йўналишларда кўплаб тадбирларни ташкил этиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида икки мамлакат ҳудудида 300 га яқин қўшма тадбирлар ўтказилгани бунинг тасдиғидир.

Икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликнинг мустаҳкам норматив-ҳуқуқий базаси яратилган. Сўнгги икки йил ҳарбийларимиз учун ҳамкорликнинг энг фаол даври бўлди. 2017 йил октябрда Жиззах вилоятидаги “Фориш” тоғ-дала ўқув майдонида Ўзбекистон ва Россия қуролли кучлари бўлинмаларининг қўшма машғулоти ўтказилди. Полигонда бундан олдинги машқлар 2005 йилда ташкил этилган эди. Ўн икки йиллик танаффусдан кейинги машғулотда икки мамлакатдан 400 нафарга яқин ҳарбий хизматчи иштирок этди. Ҳарбийлар шартли террорчилар гуруҳини қидириб топиш ва йўқ қилиш, шунингдек, мураккаб тоғли ҳудудларда махсус операцияларни ўтказиш бўйича ўзаро тажриба алмашди.

2017 йилнинг ўзида яна иккита диққатга сазовор ҳодиса рўй берди. Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси қошида ҳарбий атташе лавозими жорий этилди. Тошкентда минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалаларига бағишланган Ўзбекистон – Россия маслаҳатлашувларининг 5-босқичи бўлиб ўтди.   2018 йил 21 май куни Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгу бошчилигидаги ҳарбий делегация расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов билан музокараларда мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ва унинг истиқболлари муҳокама қилиниб, ҳарбий-техникавий алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Жорий йил 12 октябрь куни Ўзбекистон ва Россия мудофаа идоралари раҳбарлари яна бир бор Тошкентда учрашди. Бу сафарги музокарада Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирлари томонидан 2019 йилги икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режаси қабул қилиниб, ҳарбий-ҳаво кемалари томонидан икки мамлакат ҳаво кенгликларидан фойдаланиш бўйича келишувга эришилди.  
 

Manba: uza.uz

Киритилди: 23:55 17.10.2018. Ўқилди: 1262 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!