Ўзбекистонда қурилиш соҳасида олиб борилган назорат ишлари давомида минглаб қонунбузилиш ва ўзбошимчалик билан қурилган объектлар аниқланди.
Сенатнинг 20-ялпи мажлисида қурилиш соҳасида коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, давлат архитектура назорати жараёнида 1,65 мингта қонунбузилиш ҳолати қайд этилган. Шунингдек, 1,1 мингта бино ва иншоот ўзбошимчалик билан қурилгани аниқланган.
Ушбу ҳолатларнинг 624 таси бўйича маъмурий чоралар қўлланиб, жами 68,6 миллиард сўм миқдорида жарима белгиланган.
Коррупция хавфларини баҳолаш натижасида эса 95 та паст, 10 та ўрта ва битта юқори хавфли йўналиш аниқланган.
Шу билан бирга, давлат харидларида "Масофавий аудит" механизми орқали 3 миллиард сўмлик тендерда қонунбузилишнинг олди олинган. 869,5 миллион сўмлик материаллар эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
"Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими ҳам кенгайтирилиб, ўзбошимчалик билан қурилган объектларни автоматик аниқлаш имконияти яратилган. Тизим бир қатор давлат ахборот платформалари билан интеграция қилинган.
Муҳокама якунида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига коррупция хавфларини мунтазам қайта баҳолаш, юқори хавфли йўналишларда назоратни кучайтириш ва манфаатлар тўқнашуви декларацияларини таҳлил қилиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, давлат харидларида шаффофликни ошириш, архитектура назоратидаги қонунбузилишларнинг тизимли сабабларини бартараф этиш ва рақамли назорат самарадорлигини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.