Қўқон шаҳридаги Мовароуннаҳр, Хўжанд ва Истиқлол кўчалари ҳудудида реновация дастури доирасида “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилмоқда. Массивда жами 6415 хонадондан иборат 83 та кўп қаватли уйлар, таълим муассасалари, хизмат кўрсатиш ва савдо мажмуалари қурилиши белгиланган бўлиб, ҳозирда қурилиш жадаллик билан олиб борилмоқда. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Қўқон шаҳрида бўлиб, янги массивда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Дастлаб тегишли масъуллар иштирокида мазкур қурилиш жараёнларининг бориши муҳокама қилинди. Берилган топшириқлар ижроси таҳлил этилиб, уй-жойлар ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш жараёнлари, қурилиш-монтаж ишларини жадаллаштириш юзасидан масъулларга вазифалар топширилди. Шундан сўнг вилоят раҳбари янги барпо этилаётган массивнинг қурилиш жараёнини бориб кўрди. Бу ердаги инфратузилмани янада такомиллаштириш, қурилишнинг сифатига эътибор қаратиш, лойиҳаларни жойлаштириш борасида кўрсатма ва топшириқлар берилди. Вилоят раҳбарига вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов, вилоят ИИБ бошлиғи Азизбек Икрамов ҳамроҳлик қилди.