Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Туркистон (собиқ Жанубий Қозоғистон) вилояти Арис шаҳрида қурол-яроғ омборида портлаш содир бўлди. Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 9 атрофида бошланган кучли портлашлар орадан 8 соатдан ўтган бўлса ҳам тинмаяпти.
Ижтимоий тармоқларга чиқиб кетган видеоларда аҳоли топган машинада, топмаган пиёда шаҳарни тарк этаётганини кўриш мумкин. Шаҳардан чиқиб кетаётган одамлар ортида осмонга ўрлаган қуюқ тутун ва портлаш овозлари эшитилиб турибди.
Қозоғистон фавқулодда вазиятлар қўмитасининг хабар беришича, ўт ўчирувчилар портлаш содир бўлаётган ҳудудга яқинлаша олмаяпти. Жабрланганлар борасида маълумот йўқ.
"Портлаш шиддати сўнган бўлса-да, бироқ мунтазам равишда портлаб турибди. Шунинг учун ҳам ўт ўчирувчиларимиз ҳодиса жойига бориб, уни ўчира олмаяпти. Жабрланганларнинг умумий сони маълум эмас. Эвакуация ишлари давом этмоқда", – деган Фавқулодда вазиятлар қўмитаси расмий вакили Нурсултан Нураҳметов.
Туркистон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати Арисдаги портлаш сабаб 23 киши шифохонага олиб келинганини маълум қилган.
Арисдаги қурол-яроғ сақланадиган ҳарбий қисм 1930-йилларда ташкил топган.
2009 йилда айнан шу ҳарбий қисмдаги қурол омборида портлаш содир бўлган. Натижада 3 киши ҳалок бўлган ва 17 киши жароҳатланганди.