Қозоғистон ва Покистон сешанба куни Исламабодда ўтган бизнес-форум доирасида 32 та савдо ва бизнес келишувини имзолади, уларнинг умумий қиймати тахминан $200 млн ни ташкил қилади. Бу ҳақда Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги хабар берди.
Вазирлик таъкидича, келишувлар саноат ва энергетикадан тортиб логистика, молия, рақамли хизматлар ва агро-саноат соҳаларига қадар кенг соҳаларни қамраб олган.
Энг йирик келишув Falcon EuroBus МЧЖ ва Покистоннинг QCC International компанияси ўртасида электр автобуслари етказиб бериш бўйича имзоланган ва унинг қиймати $108 млн ни ташкил этади.
Шунингдек, келишувлар инвестиция, молиявий инфратузилмани ривожлантириш, транспорт-логистика йўналишлари, рақамли ва IT-лойиҳалар, саноат, таълим, тиббиёт ва космос соҳаларида ҳамкорликни ўз ичига олади.
Вазирлик баёнотида таъкидланишича, имзоланган ҳужжатлар Қозоғистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни амалиётда кенгайтиришга қаратилган.