Қозоғистон маймунчечак инфекциясининг мамлакатга кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегарасида санитария ва карантин назоратини кучайтирди. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида инфекция кенг тарқалиши хавфини паст деб баҳоламоқда.
Вазирлик маълумотига кўра, айрим мамлакатларда маймунчечак билан касалланиш ҳолатлари қайд этилгани ва халқаро қатновлар фаоллиги сабабли инфекциянинг Қозоғистонга кириб келиш эҳтимолини истисно қилиб бўлмайди.
Касаллик тарқалишининг олдини олиш учун 2024 йил 26 августдаги бош давлат санитария шифокорининг 8-сонли қарори асосида санитария-профилактика ва эпидемияга қарши чоралар амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларида назорат кучайтирилган. Маймунчечак қайд этилган мамлакатлардаги эпидемиологик вазият кузатиб борилмоқда. Барча назорат пунктлари ва санитария-карантин муассасалари контактсиз термометрлар билан таъминланган.
Шунингдек, тиббиёт муассасалари ва лабораториялар инфекцияни ўз вақтида аниқлаш ва ташхис қўйиш учун тайёр ҳолатга келтирилган. Вазирлик хавфли инфекцияга шубҳа туғилган ҳолатларда хабар бериш ва идоралараро ҳамкорлик қилиш тартиблари ҳам амал қилаётганини маълум қилди.