Қозоғистон чет элликлар учун пулли электрон рухсатнома жорий этади. Бу талаб Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли.
Қозоғистон визасиз режим амал қиладиган давлатлар фуқаролари учун мамлакатга киришга электрон рухсатнома — Electronic Travel Authorization (ETA) тизимини босқичма-босқич жорий этмоқда. Электрон рухсатнома QAZETA рақамли платформаси орқали расмийлаштирилади.
Платформадаги маълумотларга кўра, аризани сафардан камида 72 соат олдин топшириш тавсия этилади. Рухсатнома 180 кун амал қилади. QazETA қабул қилинадиган ҳужжатлар қаторида Ўзбекистон ва Қирғизистон ID-карталарини ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Янги тизим 25 августдан 1 ноябргача синов режимида ишлайди. Бу даврда ETA олмаган хорижликларнинг Қозоғистонга кириши рад этилмайди, бироқ уларга кейинги сафарда электрон рухсатнома талаб қилиниши ҳақида огоҳлантирилади. 1 ноябрдан ETA Қозоғистонга самолёт орқали кирувчилар учун мажбурий бўлади. Электрон рухсатномаси бўлмаган йўловчиларни авиакомпаниялар рейсга чиқармаслиги белгиланган.
15 ноябрдан талаб Евросиё иқтисодий иттифоқининг ташқи чегараларидаги автомобил ўтиш пунктларига ҳам татбиқ этилади. Бу Қозоғистоннинг Хитой, Туркманистон ва Ўзбекистон билан чегараларини ҳам қамраб олади. Тартибга кўра, Ўзбекистондан Қозоғистонга автомобил ёки автобусда кирувчилар ҳам шу санадан ETA олиши керак бўлади.
Маълумотларга кўра, ETA'ни олдиндан расмийлаштириш нархи тахминан 3 900 тенге (тахминан 8,5 доллар), чегарада ариза бериш эса 7 800 тенге (тахминан 17 доллар) бўлиши кутилмоқда. Электрон рухсатнома амалдаги визасиз режимни бекор қилмайди.