Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Қонунчиликни янгилашдан мақсад нима дейсизми? Унда ушбу мақолани ўқинг!

Қонунчиликни янгилашдан мақсад нима дейсизми? Унда ушбу мақолани ўқинг!

Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 24 январида Парламентга мурожаатномасида “Қонунчиликни янгилашдан мақсад фақат қонун қабул қилиш эмас, аксинча, янги қонунлар эртага одамларга қандай амалий наф бериши, уларнинг ҳаётини қандай енгиллаштириши ҳақида бош қотиришдан иборат бўлмоғи лозим”лиги барчага уқтирилган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, суд ишларини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув тамойили қўлланилишини янада кенгайтириш ҳамда ушбу соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Шу билан бирга, суд-тергов амалиётини таҳлил қилиш ва фуқаролар мурожаатларини ўрганиш натижалари жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлигидан, шунингдек, қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ваколатларини аниқ белгилаш билан боғлиқ бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Президентимизнинг 2020 йилнинг 10 августида “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари қабул қилинди.

Мазкур Фармонда жиноятларни фош этиш фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган.

Жумладан, амалдаги жиноят-процессуал қонунчилигида ҳам “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунда ҳам тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар томонидан муайян жиноят иши юзасидан қандай просессуал ҳаракатларни амалга ошириш мумкинлиги тўғрисида ҳеч қандай тартиб белгиланмаган бўлиб, ушбу фаолиятни улар томонидан суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг топшириғи билан, шунингдек “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунга кўра амалга оширилиб келинмоқда.

Бундан ташқари, қонунчиликда тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олиш жараёнида ҳимоячининг иштироки тўғрисида норма мавжуд эмас.

Фармонда ана шу бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида,

тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 226-моддасига мувофиқ, жиноят содир этишда гумон қилинувчини ушлаб туриш муддати улар ушланган вақтдан эмас балки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга олиб келинган вақтдан ҳисобланаётганлиги боис жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддатини у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблашни кўзда тутувчи нормани киритиш белгиланмоқда.

Бундан ташқари, процессуал қонунчиликда, ушлаб турилган шахсга ҳимоячи билан биринчи холи учрашувга биринчи сўроққача рухсат берилиши белгиланган. Бироқ, мазкур норма ушланган шахсга нисбатан процессуал ҳаракатларни амалга оширишдан олдин ҳимоячи билан ҳоли учрашиши шартлигини кўрсатмайди.

Шу сабабли, Фармонда шахс амалда ушланган ёки уни жиноят устида ушлаш билан боғлиқ тезкор тадбир амалда якунланган ёхуд гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги ҳақидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни ўтказишдан олдин унинг адвокат билан холи учрашиши таъминланиши шартлигини белгилаш кўзда тутилган.

Мазкур Фармон билан яна бир шундай тартибни ўрнатиш назарда тутиляпдики, бунда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, процессуал ҳаракатларнинг сифатини ошириш, жиноят процессида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизимини илғор хорижий тажрибада кенг қўлланиладиган исботлаш стандартларини инобатга олинганлигини кўриш мумкин. Яъни, жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурати туфайли кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувларини гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тартибини жорий қилиш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 51-моддасида ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар белгиланган бўлса, 243-моддасида қамоққа олиш ёки уй қамоғини қўллаш жараёнида ҳимоячининг иштироки тавсиявий ҳарактерга эга эканлигини кўриш мумкин. Фармон билан ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар кўпайиб, ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгилаш кўзда тутилган.

Юқоридаги ўзгаришларнинг барчаси мамлакатимизнинг фаровон турмуши, халқнинг, қолаверса фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари йўлида амалга оширилаётганлигини барчамиз билишимиз лозим. Демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш олиб борилаётган ислоҳатларнинг асоси ҳисобланади. Президентимиз таъбири билан айтганда “Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар муқаррар тус олди ва ҳеч ким, ҳеч қандай куч бизни ўз танлаган йўлимиздан қайтара олмайди”.

Учқун Самандаров

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди катта мутахассиси

 

Киритилди: 22:57 14.08.2020. Ўқилди: 3148 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!