Қирғизистонда навбатдаги президентлик сайлови 2027 йилда ўтказилиши эълон қилинди.
Қирғизистон Конституциявий суди навбатдаги президентлик сайлови январ ойининг тўртинчи якшанбасида ўтказилишини маълум қилди. Бу 2027 йил 24 январга тўғри келади. Жокорку Кенеш (парламент) эса сайловни ушбу санадан 4 ой олдин, яъни 2026 йил 24 сентябргача белгилайди.
"2021 йил январида сайланган президентнинг ваколат муддати 2010 йилги Конституция бўйича 6 йиллик муддатда якунланиши керак. 2021 йилги Конституция билан белгиланган 5 йиллик муддат амалдаги президентга тааллуқли эмас.
2021 йилда 6 йиллик муддатга сайланган президент янги Конституция шартлари бўйича ваколатини давом эттиради, бу муддат эса “икки муддатдан ошмаслик” қоидасида биринчиси ҳисобланади. Шу билан бирга, бу муддат қайта ҳисобланмайди ва қисқартирилмайди. У фақат янги қоиданинг қўлланилишида аҳамиятга эга ва амалдаги ваколатнинг тугаш санасига таъсир қилмайди", дейилади Қирғизистон Конституциявий суди баёнотида.
Аввалроқ Қирғизистонда янги президентлик сайловларини ўтказиш бўйича мурожаат билан чиққан бир гуруҳ фуқаролар икки ойга ҳибсга олингани хабар берилган эди.