Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган Қирғизистонга экспорт қилинган йирик ҳажмдаги тарвуз партиясининг қайтариб юборилишига оид хабарларга расмий муносабат билдирди. Маълум қилинишича, вазиятга аниқлик киритиш мақсадида қўшни давлатнинг фитосанитария идораси ҳамда маҳсулот эгаси бўлган тадбиркор билан зудлик билан алоқа ўрнатилган.
«EPhyto.uz» рақамли ахборот тизими малумотларига кўра, экспортга йўналтирилган мазкур полиз маҳсулотлари Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида етиштирилган бўлиб, жами 950 та махсус қутига жойлаштирилган бўлган.
Текширувлар давомида фитосанитар ҳужжатларда маҳсулотлар тегишли тартибда тамғалангани (маркировка қилингани) қайд этилган бўлса-да, амалда қадоқлаш ва маркировкалаш қоидаларига риоя этилмагани маълум бўлди. Ҳозирда мазкур ҳолат тўлиқ назоратга олинган ва чегара-ўтказиш пунктларида карантиндаги маҳсулотлар инспекцияси янада кучайтирилган.
“Шу билан бирга, Қирғизистон фитосанитария хизмати билан ўтказилган мулоқот давомида ОАВда тарқалган бошқа маҳсулотлар бўйича ҳам изоҳ сўралди. Қўшни давлат вакиллари тарқалган бошқа иддаоларни тасдиқламади. Хусусан, пиёз ва писта экспорти билан боғлиқ чекловлар ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги айтилди”, дейилади идора баёнотида.