Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Қибрайда Tashkent Pharma Park фармацевтика техник университети очилади

Қибрайда Tashkent Pharma Park фармацевтика техник университети очилади

 

17 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг «Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерининг фаолиятини ташкил этиш ва молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Norma.uz»

Президентнинг «Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига кўра, у фармацевтика техник университети ва инновацион дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган ишлаб чиқариш майдонларидан иборат саноат зонасини ўз ичига олади.

Кластер фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • инновацион ечимларни жорий этиш орқали фармацевтика саноатини ривожлантириш;
  • ихтисослаштирилган таълим инфратузилмасини яратиш;
  • инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш;
  • халқаро стандартларга мувофиқ дори воситалари ва тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқариш;
  • хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасалари ва илмий марказлари билан алоқаларни ривожлантириш.

Университет эса дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқариш, косметология, тармоқ ва бизнесни бошқариш соҳаларида халқаро таълим стандартларига мувофиқ малакали кадрлар тайёрлайди.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида кластер дирекцияси ташкил этилди. Ҳужжат билан давлат муассасасининг таркиби, ходимлар сони тасдиқланди.

Дирекция лойиҳанинг ижро этувчи органи, шунингдек, қурилаётган объектлар учун асбоб-ускуналар, товарлар, ишлар ва хизматларни қабул қилиш учун жавобгар ҳисобланади.

Президентнинг 2020 йил 28 апрелдаги «Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этишни молиялаштиришга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, кластер ташкил этиш лойиҳасини молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 50 миллион долларгача маблағлар ажратиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 17 апрель куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери қурилиши бошланганди.

Аввалроқ Ўзбекистонда вакцина ишлаб чиқариш майдони ва халқаро стандартларга жавоб берадиган синов лабораторияси ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Киритилди: 10:01 23.02.2021. Ўқилди: 1376 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!