Бугун 8 сентябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Қашқадарёда янги газ кони топилди

Қашқадарёда янги газ кони топилди

Айрим ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида гўёки газ портлаши содир бўлгани ҳақида нотўғри хабар тарқалди.

Ушбу хабар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қиламиз.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода акс этган ҳолат аслида Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманидаги янги “Patron” газконденсат конида қидирув қудуғини синовдан ўтказиш ва ишга тушириш жараёни ҳисобланади.

Ушбу конининг 1-сонли қидирув қудуғини бурғилаш ишлари 2025 йилда Хитойнинг BGP компанияси томонидан амалга оширилган 3D сейсмик тадқиқотлар натижалари асосида бошланган.

Қудуқда бурғилаш ишлари якунланиб, 3296–3339 метр оралиғидаги қатламларни маҳсулдорликка синаш натижасида саноат миқёсида табиий газ олинди. Қудуқдан олинаётган газнинг дастлабки ҳажми суткасига 500 минг куб метрни ташкил этмоқда.

Мазкур кон нисбатан кичик бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, унинг захиралари тахминан 2,5 миллиард куб метр табиий газдан иборат.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, янги қудуқни синовдан ўтказиш жараёнида газни махсус қурилма орқали ёқиб кўриш — қудуқнинг маҳсулдорлиги, босими ва ишлаш параметрларини аниқлашга қаратилган одатий технологик жараён ҳисобланади. Шу боис видеода акс этган оловли жараённи портлаш ёки авария сифатида талқин қилиш асоссиз.

Ҳозирда қудуқдан ҳақиқий газ қазиб чиқариш кўрсаткичларини аниқлаш мақсадида “O‘zLITIneftgaz” АЖ мутахассислари томонидан газодинамик ва газконденсат тадқиқотлари олиб борилмоқда.

“Patron” конидаги 1-сонли қидирув қудуғи 2026 йил 2 сентябрь куни соат 06:00 да газ қувурига уланиб, ишга туширилди.

Қудуқни ишга тушириш ишлари соҳадаги масъул ташкилотлар — нефт-газ соҳасининг ҳарбийлаштирилган қисми ва “O‘zLITIneftgaz” АЖ мутахассислари иштирокида саноат, ёнғин, меҳнат ва экологик хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилди.

Жараёнларни хавфсиз ташкил этиш мақсадида барча зарур ташкилий ва техник чоралар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари назорати остида амалга оширилди.

Киритилди: 07:07 07.09.2026. Ўқилди: 980 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!