Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Етимқудуқ қишлоғида жойлашган дизел ёнилғисини сақлаш омбори ҳудудида 29 сентябр куни ёнғин содир бўлди.
Вилоят ФВБга ёнғин ҳақида 09:43 да хабар берилган. Чақирувга асосан учта ёнғин-қутқарув экипажи 15 дақиқада ҳодиса жойига етиб борган. Ёнғин соат 10:30 да тўлиқ ўчирилган.
Идора хабарида тан жароҳати олганлар ёки қурбонлар бор-йўқлиги ҳақида маълумот келтирилмаган. Таъкидланишича, ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ушбу дизел ёнилғини сақлаш омбори “Maqsad Petroleum” хусусий корхонаси томонидан ижарага олинган. Қайд этилишича, корхона ҳам омбор ҳам “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфига кирмайди.
Очиқ маълумотларга кўра, “Мақсад Petroleum” МЧЖ 2024 йил августида давлат рўйхатидан ўтказилган. Корхонанинг 51 фоизига Вадим Шамсутдинов Расимович, 49 фоизига эса Матин Тохиров Сухробович эгалик қилиши кўрсатилган. Фаолият тури эса нефт ва табиий газ қазиб олиш соҳасидаги техник хизматлар эканлиги қайд этилган.