1️⃣Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1984 й.т. фуқаро муқаддам наркокуръерлар томонидан Оҳангарон туманидаги дала майдонига яшириб кетилган 4 кг 935 гр “Альфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситасини олган вақтида ушланди.
Аниқланишича, интернет-наркодўконнинг “омборчи” лавозимидаги ишчиси ҳисобланган мазкур шахс кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини “закладка” усулида яшириб кетилган локациялардан олиш ва қисмларга ажратган ҳолда, республикамизнинг турли вилоятларига етказиб бериш билан шуғулланган.
2️⃣ДХХ ходимлари томонидан Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Олмазор туманида истиқомат қилувчи, 1981 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс тўхтатилиб, унинг қўлидаги 1 дона хўжалик қопи холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда 9 кг 829 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди ва ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
3️⃣Қашқадарё вилоятида қайд этилган ҳолатда Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида, Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи, 1959 й.т. фуқаронинг яшаш хонадони тегишли тартибда кўздан кечирилди.
Натижада, у муқаддам қўшни давлатларнинг биридан олиб келинган 4 кг 652 гр “опий”, 380 гр “гашиш” ва 492 гр “марихуана” гиёҳвандлик воситаларини келгусида мижозларга сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ҳар учала ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.