Фармонга кўра, 2030 йил 1 январгача қарздорлик эвазига банклар ва инвестиция компаниялари балансига ўтган кўчмас мулклар бўйича солиқ имтиёзлари берилади.
▫️ Банклар мулкни балансига олганидан кейин 6 ой, инвестиция компаниялари эса 12 ой давомида мол-мулк ва ер солиқларидан озод этилади.
▫️ Мулкни тўлиқ тўлов асосида сотиб олган харидорларга ҳам 12 ой давомида ушбу солиқ имтиёзи берилади.
▫️ Мулк қарздорлик эвазига банкка ихтиёрий топширилганда, юридик шахс ҚҚС тўлашдан озод қилинади.
▫️ Банк балансидаги мулк 1 йилдан ортиқ муддатга бўлиб-бўлиб сотилса, ҚҚС фақат сотиш ва баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарқдан ҳисобланади.
Шунингдек, давлат иштирокидаги банкларга қарздорлик эвазига олинган мулкни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотиш, кредит, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки лизинг асосида реализация қилишга рухсат берилади.
Агар банкларнинг Давлат активларини бошқариш агентлигига топширган мулклари 1 йил ичида сотилмаса, улар банкларга қайтарилади.