Наманган вилояти ҳудудидан ўтувчи Қамчиқ довонида замонавий дор йўли ва дам олиш мажмуаси қурилади. Лойиҳа халқаро компания ва маҳаллий инвестор ҳамкорлигида амалга оширилади.
Наманган вилоятидан ўтувчи Қамчиқ довонида янги туризм маскани ташкил этилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа водийни пойтахт билан боғлайдиган муҳим транспорт йўналиши бўйлаб амалга оширилиб, 90 гектар майдонни қамраб олади.
Лойиҳа доирасида замонавий дор йўли, дам олиш ва спорт мажмуалари қурилиши режалаштирилган. Қурилиш ишларини Австриянинг «Doppelmayr/Garaventa» гуруҳи амалга оширади. Мазкур компания канатли йўллар ва гондолалар ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, ҳозиргача 96 мамлакатда 15 мингдан ортиқ шундай тизимларни лойиҳалаштирган.
13 октябр куни Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов «Doppelmayr/Garaventa» гуруҳи вакиллари — Жоханнес Триебник, Валерий Яшин ва Евгений Куприн билан учрашув ўтказди. Суҳбатда лойиҳанинг аҳамияти ҳамда қурилиш объектларининг техник ечимлари муҳокама қилинди.
Ҳокимлик маълумотича, лойиҳани молиялаштириш Намангандаги йирик тадбиркорлардан бири, «Aisha Group» компанияси раҳбари Жобирхон Камалитдинов томонидан амалга оширилмоқда. Унинг сўзларига кўра, Қамчиқ довонидаги мазкур мажмуа ички туризм ривожига катта ҳисса қўшади ва хорижий сайёҳлар учун ҳам янги жозибали манзилга айланади.
Шунингдек, Наманган вилоятидаги Норин дарёсининг соҳилида ҳам 30 гектарлик туризм маскани қурилиши бошланган. Бу ерда спорт майдони, чўмилиш ҳавзаси, кэмпинг ва дам олиш ҳудудлари барпо этилади. Маҳаллий ҳокимликнинг маълумотича, мазкур лойиҳа бўйича қурилиш ишлари 2025 йил июлигача якунланиши режалаштирилган.