ОАВ вакиллари ўртасида ўтаётган мини-футбол мусобақасининг ҳал қилувчи финалига техник ходимлар йўлланма олишди, ижодкорлар эса бош совриндан “қуруқ” қолишди
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг мамлакат футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда журналистлар ва нашриёт ходимлари ўртасида ўтказаётган мини-футбол мусобақасининг ҳал қилувчи палласига ҳам етиб келинди. Бугун мазкур мусобақанинг чорак ва ярим финал учрашувлари бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати мусобақанинг бош совринига даъвогарлик қилиш телевидение вакиллари “чекига” тушди.
Бошидан бошласак. Мусобақанинг чорак финалига сайт ва газеталар вакилларидан биттадан жамоалар йўл олишган бўлса, қолганларини телевидение ва нашриётлар жамоалари ташкил этишди. Муросасиз кечган ўйинларда телевидение вакиллари – МТРК ва "Zoʻr TV футболчилари рақиблари – “Ўзбекистон” НМИУ ва “Мониторинг” жамоаларини енгиб, ярим финалга йўлланма олишди. Шунингдек, “Шарқ” жамоаси “Ўқитувчи”, “Халқ сўзи” таҳририяти футболчилари эса бизнинг агентлигимиз вакилларини мағлуб этишиб, кейинги босқичга чиқишди. Тўртала ўйинда ҳам мағлубиятга учраган жамоалар ўзларини енгган жамоалар таркибида четдан ўйинчи ёлланганлигини исботлашга уринишди.
Бу келишмовчиликлар финал йўлланмаси учун кечган ярим финал ўйинларида ҳам такрорланди. Телевидение жамоаларининг ҳар иккаласи ҳам деярли тенг курашлар остида кечган ўйинларда ғалаба нашидасини суришди – МТРК “Халқ сўзи” жамоасини, Zoʻr TV эса “Шарқ”ни енгиб қўйди.
Шу тариқа мусобақанинг бош соврини чинакам қалам аҳли вакилларига эмас, балки телевидениенинг техник ходимларига насиб этадиган бўлди. Телевидение таркибида ҳам ҳақиқий ижодкорлар – муҳаррирларми, шарҳловчиларми, бошловчиларми, боринг ана, сухандонларми, бўлганида қандай чиройли бўлар эди. Ваҳоланки, МТРК майдонда тўп сураётганида жамоа асосчиларидан бири, футбол ишқибозлари ҳурмат қилувчи Мурод Ризаев фақат четдан ёрдам бериш билан кифояланди, "Zoʻr TV"да эса бундай “вазифани” таниқли актёр, бошловчи Алишер Узоқов амалга ошириб турди. Шуларнинг ўзлари майдонда чопишганида эди, ортиқча гап-сўзларга ҳожат қолмасди.
Бунда барча айбни мусобақа ташкилотчиларига ағдариш фикридан йироқмиз. Турнир ўтказиш ва унда иштирок этишдан мақсад – соврин ёки бирнималикли бўлиш эмас, балки ҳамкасб дўстларнинг дийдори, бир баҳя бўлса-да, ишдан чалғиб, саломатлигимиз йўлида бироз машқ қилиш, футбол тарғиботида бевосита эмас, билвосита иштирок этиш, футболнинг сир-синоатларини ҳис этиш эканлигини унутмасак бўлгани...
4 декабрь.
Чорак финал.
Zoʻr TV – “Ўзбекистон” НМИУ – 1:0
“Шарқ” – “Ўқитувчи” – 2:1
“Мониторинг” – МТРК – 0:1
ЎзА – “Халқ сўзи” – 0:4
Ярим финал
Zoʻr TV - “Шарқ” – 1:0
МТРК – “Халқ сўзи” – 2:1
5 декабрь
Учинчи ўрин учун
“Шарқ” - “Халқ сўзи”
Финал
Zoʻr TV – МТРК
Manba: uza.uz