Бугун 21 август, 2026 йил, жума

O'ZB

Путин Украина дронларининг Wildberries’га ҳужумларига муносабат билдирди

Путин Украина дронларининг Wildberries’га ҳужумларига муносабат билдирди

Россия президенти «жиддий оқибатлар» йўқлигини айтди, аммо омбор қувватларини тиклаш дастурини ишлаб чиқишни топширди.

Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг логистика ва омбор инфратузилмасига уюштирилган Украина ҳужумларига биринчи марта муносабат билдирди. Бироқ у сўнгги ҳафталарда бир неча бор ҳужумга учраган Wildberries объектларини бевосита тилга олмади.

«Россия инфратузилмасига қилинган ҳужумларнинг жиддий оқибатлари йўқ, бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Аммо улар бизга, албатта, зарар етказмоқда. Бу аниқ. Биз буни тушуняпмиз, кўряпмиз ва биламиз», — деди Путин Стратегик ривожланиш ва миллий лойиҳалар бўйича кенгаш йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, ҳужумларга қарамай, Россиянинг савдо инфратузилмаси барқарор ишлашда давом этмоқда. Шу билан бирга, Путин зарар кўрган логистика ва омбор объектларини, жумладан, давлат маблағлари ҳисобидан тиклаш зарурлигини тан олди.

Президент ҳукуматга тегишли дастурни ишлаб чиқишни топширди. Унинг айтишича, зарар кўрган объектлар «сифат жиҳатидан янги технологик даражада» қайта тикланиши керак.

18 июлдан бери Украина дронлари Россиядаги йирик Wildberries логистика марказларига бир неча бор ҳужум қилди. Ҳужумлар натижасида компания ва сотувчиларга етказилган умумий зарар юзлаб миллиард рублга баҳоланмоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳужумга учраган объектлар Россия армиясини таъминлашда, жумладан, дронлар учун эҳтиёт қисмлар, навигация ускуналари ва жиҳозлар етказиб беришда фойдаланилганини таъкидлаган.

Wildberries бу айбловларни рад этмоқда. Компания асосчиси Татьяна Ким омборларга қилинган ҳужумларни «халқаро терроризм акти» деб атади.

Ҳужумлар сериясидан сўнг Wildberries товар оқимларининг бир қисмини қайта тақсимлашни бошлади ва узоқ муддат сақланадиган товарларни бошқа мамлакатлардаги, жумладан, Беларусьдаги омборларга йўналтирмоқда.

Киритилди: 21:35 20.08.2026. Ўқилди: 402 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!