Бугун 30 май, 2026 йил, шанба

O'ZB

Путин ЕОИИ саммитидан сўнг Арманистоннинг Ғарб билан яқинлашуви оқибатларидан огоҳлантирди

Путин ЕОИИ саммитидан сўнг Арманистоннинг Ғарб билан яқинлашуви оқибатларидан огоҳлантирди

Россия президенти Владимир Путин 29 май куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳри мезбонлик қилган Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) олий кенгаши йиғилиши якунида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун баёнот берди.

Россия раҳбари ўз чиқишида мазкур ташкилотга аъзо барча мамлакатлар билан шериклик ва иттифоқчилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш Москва учун бош устувор йўналиш бўлиб қолишини қайд этди. «Бугунги кунда ЕОИИ доирасида маҳсулотлар, хизмат кўрсатиш, капитал ҳаракати ҳамда меҳнат ресурслари учун ягона макон шакллантирилди. Ўтган йил якунларига кўра, тузилма иштирокчилари ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 95 миллиард долларга етди. Эътиборлиси, ташкилот ичидаги молиявий ҳисоб-китобларнинг деярли барчаси миллий валюталарда амалга оширилмоқда. Шунингдек, аъзо давлатлар энг муҳим озиқ-овқат турлари бўйича мустақилликка эришишни мақсад қилган», — деди Россия президенти.

Шу билан бирга, Владимир Путин халқаро кун тартибидаги масалаларга тўхталар экан, Арманистон атрофидаги вазиятга алоҳида эътибор қаратди. «Москва ва Ереван ўртасида тарихий ва ўзига хос алоқалар мавжуд. Арманистон раҳбариятининг Ғарб давлатлари билан яқинлашиш борасидаги қарорлари ушбу муносабатларга путур етказмайди, деб умид қиламиз. Бироқ Евросиё иттифоқи соф иқтисодий тузилма эканлигини унутмаслик лозим. Агар Ереван Европа Иттифоқи меъёрларига ўтишга қарор қилса, биз иқтисодий соҳадаги ўзаро интеграция жараёнларини тўхтатишга мажбур бўламиз. Оқибатда маҳаллий маҳсулотлар, жумладан, арман виносининг ташқи бозори қай тарзда шаклланиши сўроқ остида қолади. Бундан ташқари, темирйўл тарифлари ва энергия ташувчилар нархлари қайта кўриб чиқилиши, Россияда фаолият юритаётган Арманистон фуқаролари учун эса патент тизими жорий этилиши мумкин. Ўз вақтида Украинадаги инқироз ҳам айнан Киевнинг Европа Иттифоқи билан яқинлашиш уринишлари фонида бошланган эди. Шу сабабли ЕОИИ Арманистон томонидан ташкилотга аъзолик масаласида имкон қадар қисқа муддатда референдум ўтказилишини кутмоқда», — дея таъкидлади у.

Қайд этиш жоизки, Арманистон бош вазири Никол Пашинян Остонадаги ушбу саммитда иштирок этмади. Бундан аввалроқ Ереван расмийлари мамлакатнинг ташқи сиёсатда Европа Иттифоқи билан яқин ҳамкорлик қилиш йўлини танлаганини маълум қилган эди.

Киритилди: Бугун 11:48. Ўқилди: 268 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!