Владимир Путин журналистлар билан мулоқот чоғида BBC мухбири Стив Розенбергнинг саволига кескин муносабат билдирди. Британиялик мухбир Путиндан рус тилида мамлакат келажагини қандай тасаввур қилишини сўради.
«Бу келажакда ҳозиргидек расмий йўналишга нисбатан ҳар қандай очиқ норозилик қонун билан жазоланадими, ташқи ва ички душманларни қидириш кучаядими, мамлакат бўйлаб мобил интернет тобора кўпроқ ўчириладими, яна янги “махсус ҳарбий операциялар” бўладими? Ёки Россия бошқа йўлдан кетадими?» — дея савол берди Розенберг.
Путин жавобида Россияда репрессиялар ва сиёсий таъқиблар йўқлигини таъкидлаб, РФ бошқа давлатларга ҳужум қилишни режалаштираётгани йўқлигини айтди.
«Агар сиз бизга ҳурмат билан муносабатда бўлсангиз, ҳеч қандай операциялар бўлмайди. Биз сизнинг манфаатларингизни доимий равишда инобатга олишга ҳаракат қилганимиз каби, сиз ҳам бизнинг манфаатларимизни ҳурмат қилсангиз. Агар НАТОнинг шарққа кенгайиши масаласида бўлганидек, бизни алдамасангиз», — деди Россия етакчиси.
У шунингдек, Европа сиёсатчилари Россия кимгадир ҳужум қилмоқчи экани ҳақидаги баёнотларни «душман образини яратиш» учун қилаётганини қўшимча қилди.