Россия президенти Владимир Путин Бишкек шаҳрида Эрон президенти Масъуд Пезешкиан билан учрашувда Москва Эрон халқи билан бирдам эканини маълум қилди. Бу ҳақда Кремль хабар берди.
Путин Россия ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида барча соҳаларда барқарор ривожланаётганини таъкидлади.
«Россия Эрон халқи билан бирдам. Биз миллий манфаатларингиз учун курашдаги жасоратингиз ва матонатингизга қойил қоламиз», — деди Путин.
Россия раҳбари, шунингдек, Москва июнь ойида Эрон ва АҚШ ўртасида сулҳ тўғрисидаги меморандум имзоланишини олқишлаганини, аммо келишув «беқарор ва жуда мўрт» бўлиб чиққанини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия бу даврда ҳам Эронга зарур ёрдам ва таъминотни етказиб беришда давом этган.
Путин ҳарбий-сиёсий вазиятга қарамай, икки давлат савдо-иқтисодий ҳамкорлик суръатини сақлаб қолганини қайд этди. У Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Эрон ўртасидаги эркин савдо тўғрисидаги битимни муҳим омил сифатида тилга олди.
Россия президенти гуманитар ҳамкорлик ҳам кенгайиб бораётганини таъкидлади. Унинг маълум қилишича, 2025–2026 ўқув йилида Россияда таҳсил олаётган эронлик талабалар сони қарийб 10 минг нафарга етади. Улардан 802 нафари Россия бюджети ҳисобидан ўқимоқда.
Пезешкиан эса Россия раҳбарига можаролар, уруш ва АҚШ санкциялари даврида Эронни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Эрон президенти Москва Эронни БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларда ҳам қўллаб-қувватлаганини таъкидлаб, икки давлат ўртасидаги муносабатларни «стратегик» деб атади.
Пезешкиан АҚШнинг бир томонлама сиёсати ва санкцияларига қарши Россия билан ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини қайд этди. У Вашингтон халқаро ҳуқуқни бузиб, Эронга нисбатан тажовузкор ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмаслигини билдирди.
«Мен ғалаба қозонишимизга ишонаман, бунга аминман ва, албатта, биз шу позицияда қатъий турибмиз», — деди Пезешкиан.