Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Путин, Алиев ва Пашинян Тоғли Қорабоғ бўйича келишиб олишди

Путин, Алиев ва Пашинян Тоғли Қорабоғ бўйича келишиб олишди

Москвада 11 январь куни Россия Президенти Владимир путин таклифига биноан Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатларнинг кейинги босқичи, Тоғли Қорабоғдаги вазият атрофлича муҳокама қилинди.

Маълумки, Тоғли Қорабоғ минтақаси 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги зиддиятлар марказига айланиб қолмоқда.

Тоғли Қорабоғ расман Озарбойжон таркибидаги вилоят ҳисобланади. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Тоғли Қорабоғга асосан 1828 йилда Россия билан Эрон ўртасида имзоланган сулҳ битимига асосан 130 минг нафардан ортиқ арманлар кўчириб келтирилган. Бироқ улар ҳам Тоғли Қорабоғ ва унга туташ ҳудудлар қадим-қадимдан ўз аждодларига тегишли бўлгани ҳақидаги даъвони илгари суриб келишади.

Худди ана шу масаладаги келишмовчиликлар Жанубий Кавказда беқарор вазиятни келтириб чиқарган.
1920 йилда Озарбойжон Демократик Республикаси Совет Иттифоқига таркибига қўшиб олингач, 1923 йил 7 июлда арманларнинг сон жихатдан устунлигини ҳисобга олган ҳолда Тоғли Қорабоғга мухтор вилоят мақоми берилган.

Ўтган асрнинг 80 йиллари охирида арман миллатига мансуб Қорабоғ айирмачиларининг Озарбойжондан ажралиб чиқишга интилиши Арманистон ССР ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланди. 1988 йил февралда Тоғли Қорабоғ Мухтор вилояти кенгашининг Озарбойжон таркибидан ажралиб, Арманистонга қўшилиш ҳақидаги қарорининг қабул қилиниши икки халқ ва давлат ўртасидаги қуролли ҳаракатларга йўл очди. 1988-1993 йиллар мобайнида Озарбойжоннинг Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти ва унга ёндош бўлган еттита туман ишғол қилинди.

Озарбойжоннинг босиб олинган ҳудудларини қуролли кучлар ёрдамида қайтариб олишга уриниш маълум танаффуслар билан давом этиб келди. 2016 йилнинг апрель ойида тўрт кун давом этган уруш ҳаракатлари чоғида ҳар икки тарафдан ўнлаб ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлган эди. 2020 йилнинг 27 сентябрь Озарбойжон ва Арманистон ўртасида қуролли ҳаракатлар бошланган эди. Икки ойдан ортиқроқ давом этган тўқнашувлар натижасида Тоғли Қорабоғ атрофидаги етти туманнинг асосий қисми Озарбойжон ихтиёрига қайтарилди. Ҳар икки тарафдан минглаб инсонлар, жумладан, тинч аҳоли вакиллари ҳам нобуд бўлди.

2020 йил 10 ноябрга ўтар кечаси Россия раҳбари ташаббуси билан икки мамлакат ўртасида сулҳ битими имзоланди. Шу кунда эътиборан минтақада уруш очмаслик тўғрисидаги келишув кучга кирди ва минтақада тинчликни сақлаш мақсадида Тоғли Қорабоғга Россия армиясининг тинчликпарвар кучлари киритилди. Айни пайтда минглаб арманлар истиқомат қиладиган Тоғли Қорабоғ вилоятининг мақоми ҳозирча аниқ маълум қилинмаган. Айни пайтда ушбу ҳудудни Арманстон билан боғлаб турадиган, Лочин тумани ҳудудидан ўтган автомобил йўли ҳам тинчликпарвар кучлар томонидан назорат қилинмоқда.
Куни кеча бўли ўтган учрашув чоғида қайд этилганидек, сулҳ битими кучга кирганидан сўнг, икки мамлакат ўртасида ушбу ҳужжат талабларининг бузилиши билан боғлиқ бирор жиддий ҳолат кузатилмаган.

Россия Президентининг ушбу учрашув чоғида маълум қилишича, тинчликпарвар кучлар ҳар икки томон олдидаги вазифаларини тўла-тўкич ижро этмоқда. Ҳозирги пайтга қадар қуролли тўқнувлар пайтида Тоғли Қорабоғни тарк эган 48 мингдан ортиқ арман қочоқлари ўз уйларига қайтган. “Бу келишув ҳар икки мамлакат учукн фойдадан холи бўлмайди” деди Россия Президенти журналистлар билан ўтган брифинг чоғида.

Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг маълум қилишича, 2020 йилдаги қуролли ҳаракатлар сўнгида эришилган сулҳ битими минтақада тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, тўхтаб қолган қўшничилик алоқаларини давом эттириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Ўз навбатида, Арманистон ҳукумати раҳбари Никол Пашинян ҳавм мазкур учршувнинг самарали ўтганини таъкидлаб, ҳали зиддиялар тўла бартараф этилмагани, жумладан, Тоғли Қорабоғнинг мақоми мавҳумлигича қолаётганини айтди. Шу билан бирга ҳарбий асирларни айирбошлаш бўйича ҳам бир тўхтамга келиш лозимлигини қайд этди. Пашинян бу борадаги музокаралар халқаро ҳужжатлар доирасида давом этиши ва ҳар жиҳатдан мақбул ечим топишини билдирди.

Рустам Жабборов,
сиёсий шарҳловчи

Киритилди: 22:16 12.01.2021. Ўқилди: 2607 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!