Фуқаро С.Раҳимов асоссиз равишда ишдан бўшатилган эди. Бу ҳақда у судга мурожаат қилиб, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти давлат унитар корхонасига нисбатан ишга тиклаш ва мажбурий “прогул” учун ҳақ ундиришни сўраган. Биринчи инстанция суди томонидан даъво талаблари рад қилинган.
Мазкур ҳолат бўйича Тошкент шаҳар прокуратурасининг апелляция тартибидаги протестига асосан фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ажрими билан С.Раҳимов ишга тикланди. Унинг фойдасига тегишли ундирувлар амалга оширилди.
Шу каби Тошкент шаҳар прокуратураси органлари томонидан жорий йилнинг 5 ойи давомида фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш соҳасида қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судларида 11,5 мингдан ортиқ фуқаролик иши кўрилган бўлиб, шундан 2,3 мингдан ортиғида прокурор иштироки таъминланди.
Судда кўрилган ишларнинг 132 таси бўйича чиқарилган суд қарорлари прокурор протестларига асосан қонунга мувофиқлаштирилди.
Manba: uza.uz