Нарпай туманида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нарпай тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбирлар ўтказилди.
Унда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро Б.А. 100 дона «Зардекс» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқарога 200 АҚШ доллари ва 500 минг сўмга сотган вақтида ушланиб, ундан яна 81 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, фуқаро Н.Т. 50 дона «Габатен» ва 150 дона «Андипал» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини фуқарога 600 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.