Ли Чже Мён иш ва шахсий ҳаёт ўртасида барқарор мувозанатга эришиш учун дадил сиёсий силжиш зарурлигини айтди, дея хабар беради Bild.
Жанубий Корея президенти мисол тариқасида “Узоқ иш вақти ёшларнинг мартаба ва оилани бирлаштиришига тўсқинлик қилади” номли тадқиқотни келтирди.
Унда жанубий кореяликлар йилига ўртача 1874 соат ишлашлари кўрсатилган. Бу - Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотидаги ўртача кўрсаткичдан 130 соатга кўпдир.
Шу муносабат билан мамлакатда 2030 йилгача иш вақтини ҳафтасига 40 соатдан 36 соатга қисқартириш, келгусида эса 4 кунлик иш ҳафтасини жорий этиш режалаштирилган. Бироқ, иш ҳақи ўзгаришсиз қолади.
Ҳозирда Жанубий Корея ҳукумати ислоҳотлар режаси ва компаниялар учун субсидиялар тизимини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузяпти.
Касаба уюшмалари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, уни "демографик инқирозни ҳал қилишнинг ягона калити" деб атайди. Бизнес иқтисодиёт учун хавф ҳақида огоҳлантиради. Хусусан, Корея банки ялпи ички маҳсулот ўсиши прогнозини 0,8 фоизга туширди, бу 1998 йилги Осиё инқирозидан бери энг паст кўрсаткичдир.
Қайд этиш жоизки, Жанубий Корея дунёда туғилиш даражаси энг паст бўлган мамлакат. Бу мамлакатда ҳар бир аёлга ўртача 0,75 бола туғилади.