Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Президент мурожаати: 2019 йил ҳам оғир келади!

Президент мурожаати: 2019 йил ҳам оғир келади!

Президент ер сотилиши, эски уйлар бузилиши, солиқлар камайиши ҳақида гапириб, халқ ва давлат ўртасидаги жарликни камайтириш, давлат ходимларининг масъулиятини янада ошириш, аҳолини ижтимоий ҳомоялаш борасида қатор инновацион таклифларни ўртага ташлади.

Ўзбекистон Республикаси президентининг асосий мақсади давлат функцияларини кескин қисқартириш, давлат ва халқ орасидаги тўсиқларни камайтириш ва ниҳоят, давлат бошқаруви хизматчилари ва раҳбарларининг масъулияти, жавобгарлигини ошириш...

Президентнинг Олий Мажлисга мурожаатномасини тинглаб, шундай фикрга келиш мумкин.

Раҳбар қандай бўлса, давлат ҳам шу йўлдан кетиши собиқ СССР тарихида исботини топган ҳақиқат. Дастлаб ҳокимиятни революционерлар бошқарди ва улар аҳолининг маълум қисмини ўлдириб юборди. Кейин уруш кўрганлар бошқариб, совуқ урушни бошлади. Кейинроқ ҳокимият тепасига ижодкор лар келиб, романтикага берилиб, халқни оч ва юпун қолдирган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев эса менеджмент, ишлаб чиқариш, бозор ҳақида кўпроқ гапиради.

2019 йилда юқорида айтилган тадбирларни амалга ошириш мақсадида Конституцияга ўзгартириш киритиш борасида ҳаракатлар бошланади. Президент ваколатларининг маълум қисмини Олий Мажлисга ва Судьялар ассоциациясига олиб берилиши кўзда тутилади.

Президентнинг маърузаларида илгари кўп учрамайдиган яна бир ҳолат бу 27 йиллик фаолиятга қисқача баҳо бериш бўлди.

27 йил давомида давлатнинг бюрократик чангалзорлар орасида қолиб кетиши, ҳаддан ортиқ вазифаларни ўз зиммасига олиб, бажаришни эплолмаслиги мамалкатнинг тараққий этишига тўсқинлик қилди.

Мурожаатномадан сезилдики, 27 йиллик давлат фаолиятини танқид қилиш фақат танқид учун эмас, балки ўтмиш хатоларидан хулоса чиқариш, тўғри йўлни танлаш, танқидий қараш орқали, бугунги кунга баҳо беришга ҳаракат.

Ўзбекистонда ер сотилиши ҳақида ҳам фикр билдириб ўтилди. Албатта, бу ёппасига ер майдонлари сотувга қўйилади, дегани эмас. Президентнинг сўзларига қараганда, қурилиш учун ёки бино турган ер майдонларигина сотилса керак. Бу нафақат ерни хусусийлаштриш учун, балки тадбиркорнинг келажакка ишончини ошириш, тижоратининг ярим йўлда синдириб ташланмаслигига кафолат бериш учун қилинмоқда.

Ўзбекистонда шусиз ҳам ер майдони ошиб-тошиб ётган эмас. Аҳолининг бу тезликда ўсишида эса унинг ҳар қаричи олтинга тенг бўлиб қолиши эҳтимолдан йироқ эмас. Бошқа томондан нобоп суғориш тизими орқали ерларни яроқсиз ҳолга келиши, шўрлашишнинг ҳаддан ошиб кетиш ҳам бу борадаги катта муаммо.

Албатта, Президент бунинг ечимини ҳам таъкидлаб ўтди. Хусусан, саноатлаштириш, шаҳарлашишни тезлаштириш, суғориш тизимин мутлақо янги тизимга ўтказиш... Булар учун маблағ ажратиш замирида ҳам шу сабаб ётади. Мирзиёев Ўзбекистоннинг қиёфасини кескин ўзгартириш ташаббуси билан чиқмоқда. Кейинги 11 йил давомида шаҳарлашишни 35 %дан 65 %га олиб чиқаришни кўзда тутувчи тадбирлар белгиланади.

Назаримизда, энди эски уй-жой фондини бузиш, ўрнига замонавий, қулай ва шинам уйлар қуришга эътибор қаратилади. Бу Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидан бошланиши таъкидланди. Асосийси, бунда аҳолини бошқа жойларга кўчириш сиёсати юритилмайди. Шу ернинг ўзида янги уй қурилиб, аҳоли кўчириб ўтказилади. Буям ўзбекларнинг киндик қони тўкилган жой тўғрисидаги ақидасига мос келади.

Ушбу ишлар нафақат аҳолининг яшаш тарзини яхшилаш, балки ердан самарали фойдаланиш учун ҳам амалга оширилади.

Президент бир-неча бор энди ҳаммага ишига қараб ҳақ тўланишига алоҳида тўхталди. Дарҳақиқат, 2018 йилни Ўзбекистонда касблар, мутахассислар ва маошнинг табақаланиш йили бўлди, деб айтиш мумкин. Мурожаатномадан келиб чиқиб, айтадиган бўлсак, бу ишлар келаси йилда ҳам давом эттирилади.

Мурожаатномада алоҳида урғу солиқ сиёсатига қаратилди. Президент Ўзбекистонда юзага келган, давлатнинг айтгани бошқа, ҳаёт бошқа, деган ақида догмани илдизи билан суғуриб ташламоқчи. Тўғри-да, давлат органларида бошқа гап, оилада бошқа гап айтилган даврлар ортда қолди, энди ҳамма очиқ ойдин ишлаши ва очиқ-ойдин яшаши керак. Президентнинг талаби, интилиши шу. Солиқ сиёсати ҳам иш ва сўз бирлигини таъминлайдиган асосий йўналиш.

Ҳаддан ортиқ оғир солиқ юкидан бели букилган корхоналар, тадбиркорлар, фуқаролар уни айланиб ўтиш пайида бўлади. Ва, афсуски, бунинг юзлаб йўлларини ихтиро қилиб, ҳатто кундалик ҳаёт тарзига айлантириб олганлар ҳам сон-саноқсиз. Солиқ камайтирилиши оқибатида энди улар ўз-ўзидан тўғри йўлга қайтармикин?

Президент статистика масаласига ҳам эътибор қаратди. Рақамлар ҳақиқатни айтмас экан, жамиятни ёлғон исканжасидан қутқариб бўлмайди.

Ўзбекистонда қонунларга риоя қилиш масаласида бир нима дейиш қийин, лекин ахлоқ қоидаларига риоя қилиш қатъий талаб этилади. Шу жиҳатдан тунги клублар, кўнгиолчар масканларни кеч бўлиши билан ёптириб қўйиш сиёсати тез-тез кун тартибига чиқиб туради. Бу тартиб ким томонидан қўлланилади, номаълум. Президент эса бунақа йўлдан кетиш номаъқуллигини бир оғиз сўз билан таъкидлаб ўтди. Ундан кўра, ҳуқуқ-тартибот органларини фаолроқ ишатишни талаб қилди.

Президент озиқ-овқат масаласини бировга ишониб топширолмаслиги, бу билан шахсан ўзи шуғулланишини таъкидлади. Кундалик эҳтиёжнинг тижоратга айланиб кетиши шахсан президент томонидан ҳимоялангани аҳолининг кўнглига таскин беради, албатта.

Президент бу йил йил ҳам оғир бўлишини таъкидлади. Бироқ ҳамма билиб қолдики, президент оғир деганда аҳолининг оч-наҳор, юпун қолишини эмас, балки ўзидан тортиб, энг қуйи поғонагача кўпроқ ишлашни назарда тутади. Ўзбекистонликлар эса ҳеч қачон ишдан қочмаган! Шунинг учун ҳам, оғир келиши башорат қилинган дастлабки икки йилдан кейин одамлар орасида оддий, лекин деярли шиорга айланиб қолган бир гап тарқалди: президент келгандан буён ҳали ҳеч кимга ёмон бўлган эмас!

Бу халқнинг ўз президентига берган оддий ва самимий баҳосидир.

Киритилди: 13:18 29.12.2018. Ўқилди: 5745 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!