Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Президент Фармони билан 136 нафар шахс афв этилди. Улар кимлар?

Президент Фармони билан 136 нафар шахс афв этилди. Улар кимлар?

Мамлакатимизда улуғ айём ва саналар арафасида инсонийликнинг олий намуналаридан — афв амалларини қўллаш анъанага айланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан ҳамда Конституциямизнинг 93-моддасига асосан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонга имзо чекилиши бунинг яққол ифодаси бўлди.

Бу сафарги ҳужжатга биноан афв этилган 136 нафар шахс тақдирида, шуб­ҳасиз, муҳим бурилиш ясалди. Ўз ҳаётини тўғри йўлга қўйиб олишлари учун имкон берилди, ундан ҳам муҳими, 136 оиланинг бағри бут бўлди, хонадонларига ёруғлик инди. Индаллосини айтганда, хатосини англаб, астойдил пушаймон бўлганларга мурувват кўрсатилди.

Афв этилган шахсларнинг 30 нафари жазодан тўлиқ, 26 нафари жазони ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинади, 42 нафарига тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилади. Хуллас, 98 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинади. Шунингдек, 38 нафарига тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазоси муддатлари қисқартирилади.

Яна бир маълумотга эътибор қаратиш зарур: афв этилганларнинг 6 нафари 60 ёшдан ошганлар, 2 нафари чет эл фуқаролари, 3 нафари аёллар ва 61 нафари ­тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахс­лардир.

Ана шулардан бири — Жиноят кодекси 159-моддаси билан озодликдан маҳрум этилган Алишер Мухторов. У 1975 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. Маълумоти — олий, муқаддам 2 маротаба судланган. Икки ўғил, бир қизнинг отаси. Жами 19 йил умрини жазони ижро этиш муассасасида ўтказди. 21 ёшга кирган катта фарзандининг болалиги, вояга етаётган чоғи, қолганларининг эркаланиб қилган шўхликларини кўрмаган. Энди буниси — армон. Фармон имзоланган куннинг ўзида озодликка чиққан Алишернинг надомати, ҳавога совурилган умрининг бесамар йиллари учун чеккан андуҳига қулоқ тутдик...

— Ота-онам, оилам ва фарзандларим бағрига қачон қайтишимни аниқ билмасдим, — дейди у. — Президентимизга раҳмат, бизга ҳаётда ўз йўлимиз ва ўрнимизни топишимиз учун яна бир имконият берди. Қилмишим қандай оқибатга олиб келишини англаб етдим. Энди бундан кейинги ҳаётимни тўғри ташкил этиб, халқимиз ва Ватанимизга чин дилдан хизмат қилишга интиламан.

Афв ҳақидаги бу Фармоннинг тайёрланиши ҳам бутун бошли жараённи ўз ичига олди. Яъни аввало, маҳкумлар жиноий ишлари ортида юзлаб инсонлар тақдири ётганлиги юракдан теран ҳис этилиб, ҳар бир тафсилот чуқур ўрганилди. Ана шундан кейингина ҳужжат имзоланди.

— Давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳлари томонидан маҳкумлар билан юзма-юз суҳбатлар ўтказилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Зафар Назаров. — Шу жараёнда уларнинг шахси, жиноятларининг ижтимоий хавфлилик даражаси, қилмишидан чин пушаймонлиги, етказилган моддий ­зарарни қоплаганлиги ҳамда оилавий ҳолати ўрганиб чиқилди. Шунингдек, улар рўйхатда турган маҳаллалардан тавсифномалар олинди. Кейин афв этиладиганлар сафига киритилди.

Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, бу галги ва ундан аввалги, яъни мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида қабул қилинган афв тўғрисидаги ҳужжатлар ижроси давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 майдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом талаблари асосида олиб борилмоқда.

Умуман, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга киритилган афв институти қўлланила бошлаганидан буён, ҳозиргиларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 3323 нафар шахс яна озод ҳаёт қучоғига қайтди. Табиатан ҳур, эркин яшаш учун яратилган инсонга озодликни чеклашдан оғирроқ жазо йўқлигини изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Бир пайтлар жазоланган, эндиликдаги собиқ маҳбуслар ҳам “мусичадек беозор” бўлиб, ҳолва еб юргани учун аристон қилинмаган. Шундайку-я, аммо бу — унинг бутун ҳаёти абгор бўлиб, расво-ю­ радди бало бўлмоғи керак, дегани ҳам эмас. Гап озодликка қайтган юртдошларимизнинг қамоқдан кейинги ҳаёти тўғрисида кетмоқда. Замонавий тилда “ижтимоий реабилитация” дейишади буни. Улар ўзини катта ҳаётга кўниктириши, одамларга қўшилиб, жамиятга мослашиши керак. Бу борада уларни бегонадек кўриб ажратиб қўймасдан, ҳар томонлама кўмаклашиш муҳим ҳисобланади. Буниси энди маҳалла-кўй, қўни-қўшни, қавму қариндош, умуман, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларининг кечиктириб бўлмас вазифасидир.

Шу боис ушбу масала Фармонда алоҳида бел­гилаб қўйилган. Яъни афв этилганларни оиласи ҳамда яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга тўла мослашиб, меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятдан муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларига тегишли топшириқлар берилди.

Аслида аёл ҳамда жиноят сўзларини ёнма-ён қўллашга тил бормайди. Афв этилганлар орасида уч нафар аёл киши ҳам бор. Бир қарашда бу рақам оз кўринади. Аммо ­уйига қайтиб келаётган эркаклар ҳам эшик санаб, бошқа жойга эмас, рўзғори, аёлию бола-бақраси олдига бораётганлигини ҳисобга олсак, қанчадан-қанча опа-сингилларимизнинг кўзида қувонч балқиганини англаш қийин эмас. Бу — турмушнинг бор юкини нозик елкасида кўтариб келаётган аёллар бағрига офтоб тегди, суянган тоғи қайтиб, энди рўшнолик кўради, деганидир.

Фармоннинг айнан Конс­титуция куни арафасида қабул қилинишида ҳам ўзига хос маъно бор. ­Асосий Қонунимиз тимсолида афв этилган шахсларда бундан кейинги ҳаётида қонунларга нисбатан ҳурмат руҳини шакллантириш мужассам.

Хуллас, шунча юртдошимиз афв этилди. Уларнинг бундан кейинги ҳаёти қандай бўлиши энди кўп жиҳатдан ўзларига боғлиқ.
Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил
мультимедиа маркази материаллари асосида
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ тайёрлади.

Manba: xs.uz

Киритилди: 12:25 10.12.2018. Ўқилди: 2017 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!