Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Помидор куяси тарқалмоқда: у қанчалик зарарли?

Помидор куяси тарқалмоқда: у қанчалик зарарли?

Сабзавотлар – инсоният энг кўп истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари туркумига киради. Ҳақиқатдан ҳам, помидор, бодринг, турли кўкатлар бир томондан инсон саломатлиги учун фойдали бўлса, иккинчи томондан, дастурхонларимиз кўрки саналади.

Лекин кейинги пайтларда мамлакатимизнинг барча помидор маҳсулоти етиштириладиган ҳудудларда помидорнинг асосий зараркунандаси бўлмиш помидор куяси тарқалмоқда. Шу боис, республикамиздаги барча улгуржи ва деҳқон бозорларида “Ўздавкарантин” инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари томонидан карантин назорати ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, помидор куяси зараркунандаси республикамизда бўйлаб 2015 йилда Навоий, Бухоро, Тошкент вилоятларида аниқланган. Асл ватани Жанубий Америка ҳисобланган ушбу ҳашарот итузумдошлар оиласига мансуб ўсимликларга, жумладан, помидор, бақлажон, тамакига жиддий зарар етказади. Зарарланган кўчатлар ўсишдан орқада қолади. Барглари сарғайиб, қуриб кетиши мумкин. Мевалари зарарланиши оқибатида унинг сифатига жиддий зарар етади. Ҳосилдорлик кескин камаяди. Зараркунандага қарши кураш чораси олиб борилмаса, ҳосил 100 фоизгача зарарланиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, ушбу зараркунандага қарши курашишнинг биринчи шарти – помидор экилган майдонларда итузумдошлар оиласига кирувчи ўсимликларни ёнма-ён экмасликдир. Қолаверса, сабзавотлар экилган майдонларда феромон тутқичлар ёрдамида назорат олиб бориш ҳамда кимёвий препаратлар билан уларга ишлов бериш тавсия қилинади. Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, витаминларга бой ва фойдали озиқ-овқат маҳсулоти бўлган сабзавотларни халқимиз дастурхонига сифатли ва мазали қилиб етказиб бериш учун помидор куяси зараркунандасини бартараф қилиш чораларини ўз вақтида амалга ошириш лозим. Бунинг учун ҳудудлардаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциялари ҳамда вилоят ва туманлардаги ўсимликлар клиникаларига мурожаат этиш тавсия этилади.

 

“Ўздавкарантин” инспекцияси 

ахборот хизмати

Манба: ЎзА

Киритилди: 16:27 08.10.2019. Ўқилди: 4009 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!