Польшада Дональд Туск ва мудофаа вазирига суиқасд эҳтимоли текширилмоқда
Польша полицияси мамлакат бош вазири Дональд Туск ва бош вазир ўринбосари, мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камишга эҳтимолий суиқасд уюштирилиши ҳақида маълумот олди. Бу ҳақда Польша Ички ишлар вазирлиги вакили Каролина Галецка маълум қилди.
Ушбу хабардан сўнг ички ишлар вазири Марчин Кервиньский ва махсус хизматлар координатори Томаш Семоняк тегишли чоралар кўришни буюрди.
Якшанба куни Польша Ички хавфсизлик агентлигининг (ABW) Терроризмга қарши кураш марказида шошилинч йиғилиш ўтказиш белгиланди. Унда полиция, юқори мартабали давлат амалдорларини қўриқлаш учун масъул Давлат муҳофаза хизмати ва Ички хавфсизлик агентлиги вакиллари иштирок этиши кутилган.
Ҳозирча Польша расмийлари эҳтимолий таҳдид ҳақидаги маълумот қаердан келиб тушгани, унинг ортида кимлар тургани ва таҳдиднинг қай даражада ишончли экани ҳақида батафсил маълумот бермаган.
Айни пайтда, суиқасдга уриниш содир бўлгани тасдиқланмаган. Ҳозирча гап эҳтимолий таҳдид ҳақидаги хабарни текшириш ва хавфсизлик чораларини кўриш ҳақида бормоқда.