Польша Ташқи ишлар вазирлиги Украинадаги давом этаётган уруш ва Россия ҳукумати Польшани расман "дўстона бўлмаган" давлат деб эълон қилгани сабабли Польша фуқароларига Россияга барча саёҳатлардан тийилишни маслаҳат берди.
Бу Польша Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида чоп этилган расмий баёнотда айтилган.
Ташқи ишлар вазирлиги шунингдек, Россиядаги Польша фуқароларига "шахсий, оилавий ёки профессионал ҳолатлар мамлакатда қолишни талаб қилмаса, унинг ҳудудини мавжуд тижорат ва хусусий воситалар билан тарк этишни" маслаҳат беради.
Ҳужжатда Россиядаги Польша фуқароларига консуллик ёрдами кўрсатиш имкониятлари тобора чекланиб бораётгани таъкидланган. Бу Россия ҳукуматининг Санкт-Петербург ва Калининграддаги Польша бош консулликларини ёпиш тўғрисидаги қарорлари билан боғлиқ бўлиб, бу дипломатик ва консуллик ходимлари сонининг камайишига олиб келди. "Хавфсизлик ҳолати кескин ёмонлашганда, чегаралар ёпилганда ёки бошқа кутилмаган ҳолатларда эвакуация сезиларли даражада қийинлашиши ёки ҳатто имконсиз бўлиб қолиши мумкин", деб огоҳлантирди вазирлик.