Польша президенти Карол Навроцкий мамлакат ҳеч қачон Украина манфаатларини ўз миллий манфаатларидан юқори қўймаслигини маълум қилди. Бу ҳақда у Wpolsce24 нашрига берган интервьюсида сўзлаб берди.
"Бу ҳамкорлик бўлиши керак — Польша давлати ва Украина манфаатлари ўртасидаги мувозанатни топиш уриниши. Польша манфаатларини Украинанинг барча талаблари бажарилишига кафолат сифатида кўриб бўлмайди", — деди Навроцкий.
Президент таъкидлашича, у доимо муҳим масалаларда “поляк халқининг овози билан гапиради”. Унинг сўзларига кўра, агар кимдир, жумладан, Украина президенти Владимир Зеленский бу борада шубҳа қилса, “ҳайрон бўлади”.
Навроцкий шунингдек, Польша Украинага ёрдам беришни қўллаб-қувватлаётганини, бироқ бу ёрдам ҳар доим Варшаванинг миллий хавфсизлиги ва иқтисодий манфаатларига зид бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.