Покистон муваққат ҳукумати Ҳиндистоннинг Research and Analysis Wing (RAW) разведка агентлигини жорий йилнинг 29 сентябрь куни 57 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳужумлар ортида турганликда айблади. Бу ҳақда муваққат ҳукуматнинг ички ишлар вазири Сарфараз Аҳмад Бугти маълум қилди.
Бугтининг айтишича, ҳужумлар Мавлуд кечаси (Муҳаммад пайғамбарнинг таваллуд куни) учун Балужистон ва Хайбер-Пахтунхва вилоятларида тўпланган фуқароларга қаратилган.
Бугти террор гуруҳлари ва уларнинг фаолиятини кимлар қўллаб-қувватлаётганини яхши билишини ва 57 кишининг ҳаётига зомин бўлган ҳужумлар ортида RAW турганини айтган.
Вазир Бугти RAW “Покистон Толибони”ни қўллаб-қувватлаётганини даъво қилмоқда. Нью-Деҳли маъмурияти эса айбловларга ҳозирча жавоб бермади.