Эрон президенти Масъуд Пезешкиан АҚШ президенти Дональд Трампнинг баёнотларига жавоб қайтариб, Теҳрон таҳдидларга қуруқ сўзлар билан эмас, амалий ҳаракатлар билан муносабат билдиришини таъкидлади.
Пезешкианнинг айтишича, Эронга қарши кескин баёнотлар давом этаётган бўлса-да, мамлакат рақиблари ўз мақсадларига эриша олмаган.
«Улар жанг майдонида ўз мақсадларига эришдими? Эронни парчалаб ташлашни истаганлар ҳозир қаерда?» — деди Эрон президенти.
Унинг таъкидлашича, Эрон ўз ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишга тайёр ва таҳдид ҳамда кескин баёнотлар Эрон халқини эмас, уларнинг муаллифларини тавсифлайди.
Шунингдек, Пезешкиан мамлакат фуқароларини ички бирликни сақлашга чақириб, жамиятда бўлинишга олиб келадиган ҳар қандай сўз ёки ҳаракат Эронни заифлаштириши ва рақиблар манфаатига хизмат қилишини таъкидлади.