АҚШ Мудофаа вазирлиги тинч аҳоли орасидаги қурбонлар ҳақида Конгрессга ҳисобот тақдим этди.
АҚШ Мудофаа вазирлиги Сенатга ўтган йилдаги ҳарбий операциялар ҳақида 12 саҳифалик ҳисобот тақдим этди. Ҳужжатда АҚШнинг Ямандаги ҳусийлар объектларига берган ҳаво зарбалари оқибатида 153 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани ва 243 киши яралангани расман тан олинган.
Пентагон маълумотларига кўра, ушбу даврда АҚШ ҳарбий ҳаракатлари натижасида тасдиқланган тинч аҳоли қурбонларининг барчаси Яман ҳудудида қайд этилган. Энг кўп қурбонлар апрель ойидаги учта зарба натижасида бўлган: 6 апрель куни Санода 5 киши, 17 апрель куни Рас-Исо портига берилган зарбада 80 нафар тинч аҳоли, 28 апрель куни Саада вилоятида эса камида 47 киши ҳалок бўлган.
Шу билан бирга, Human Rights Watch, Yemen Data Project ва Airwars каби ҳуқуқ ҳимояси ҳамда мониторинг ташкилотлари ҳақиқий қурбонлар сони 230–250 нафардан ошиши мумкинлигини билдирмоқда. Улар Рас-Исо портига берилган зарбани эҳтимолий ҳарбий жиноят сифатида текширишга чақирмоқда. Пентагон эса яна 15 та ҳолат бўйича текширув давом этаётганини маълум қилди.
Бу вазият фонида ҳусийлар ҳаракатининг ҳарбий қаноти Моха шаҳри яқинидаги ҳарбий объектлар, ўқ-дори омборлари ва қўмондонлик марказларига, шунингдек, Мариб вилоятидаги Тадавин ҳарбий лагерига баллистик ракеталар ва дронлар билан оммавий зарбалар берганини билдирди.
Ҳусийлар вакиллари ҳужумлар натижасида нишонлар йўқ қилингани ва ўнлаб ҳарбий хизматчилар, жумладан, саудиялик мутахассислар ҳалок бўлганини даъво қилди. Ўз навбатида, Яман Миллий қаршилик кучлари ҳужум қайтарилганини, камикадзе-дронлар уриб туширилганини ва Моха порти ҳамда фуқаролик инфратузилмасига зарбалар берилганини билдирди. Бу ҳужумлар натижасида тинч аҳоли орасида ҳам қурбонлар ва ярадорлар борлиги айтилди.
Эр-Риёд ўз ҳарбий қисмлари Яман ҳудудида мавжуд эмаслигини билдириб, Саудия Арабистонининг роли Яманнинг қонуний ҳукуматига кўмак бериш ва чегараларни қўриқлаш билан чекланишини таъкидлади.
Экспертлар зўравонликнинг кучайиши 2022 йил апрелидан бери мамлакатда сақланиб келаётган сулҳни бутунлай барбод қилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.