Инсоният умумий душман - коронавирус билан курашмоқда, шу туфайли барча урушларда танаффус қилиб туриш керак, деганди март ойи охирида БМТ бош котиби. Дунё унинг чақириқларига эътибор қаратмади ва ҳарбий низоларни давом эттирди. Нима учун?
Ўтмишда Европада кузатилган ҳалокатли эпидемиялар инсониятни тезроқ муросага келтирган: XIV асрдаги вабо французлар ва инглизларни Юз йиллик урушни якунлаб қуролларни қинга солишга ва сулҳ тузишга мажбурлаганди. Юз йил муқаддам «испанка» эпидемияси ҳам урушувчи томонларнинг силласини қуритиб, Биринчи жаҳон тезроқ якунланишига «хизмат қилганди».
Бугун эса замбараклар тинмаяпти. БМТ раҳбарининг урушни карантинга жўнатишни сўраб қилган мурожаатлари ҳам, Рим папасининг бирдам бўлиш ва жипслашишга чақирган сўзлари ҳам, гуманитар ташкилотларнинг бир пайтда уруш ва вирус балоси қаршисида ожиз қолган одамларнинг аҳоли ҳақидаги огоҳлантиришлари эътиборсиз қолдирилди, дейди "Kun.uz".
Пандемия даврида ҳам яна юз минглаб одамлар уйсиз қочқинларга айланди.
«Одамлар урушда ўлаётган ва уруш туфайли уйларини ташлаб кетиб, очликка маҳкум бўлаётган маҳалда БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолалари худди қум майдонидаги болалар каби баҳслашишмоқда. Ҳозир болалар ўйини вақти эмас», дея ғазабини яширмайди Норвегия қочқинлар бўйича кенгаши раҳбари Ян Эгеланн.
БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари - бешта ядровий барқудрат давлат (держава) ўзаро доимий келишмовчиликлар туфайли глобал сулҳ бўйинча резолюция қабул қила олишмади.
Ҳужжатнинг биринчи варианти унинг матнида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти номи эслаб ўтилгани туфайли АҚШ томонидан рад этилди - Америка ҳукумати бу ташкилотни Хитой билан қалин алоқалари туфайли айблаб келмоқда. ЖССТ эсланмаган иккинчи ва 90 кунлик сулҳни назарда тутган резолюция эса ҳали муҳокама қилинмади.
Агар йирик давлатлар ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги чақириқлар атрофида бирлаша олишмаса, бир неча давлатлар ва террорчи гуруҳлар иштирокидаги қуролли ҳаракатлар тўхтамайди.
Ҳал қилувчи қатъий ҳаракатларни амалга ошириш имкони бой берилди.
БМТнинг Инқирозлар бўйича халқаро гуруҳи вакили Ричард Гоуаннинг ҳисоблашича, дипломатлар баҳслашишни давом эттираётган вақтда сулҳга эришиш учун имкониятлар даричаси ёпилди.
Уруш кетаётган жойларда коронавирус янада ўлимвор: шифохоналар вайрон қилинган ёки ҳаддан ортиқ юклама билан ишламоқда, ҳарбий ҳаракатлар туфайли халқаро миссиялар шифокорлари беморлар жойлашган ҳудудларга етиб бора олмаяпти. Соғлом одамлар ҳам жабр чекишмоқда: сиёсатчилар ҳаракатсизлигича қолар экан, одамлар оч қолмоқда, дея огоҳлантиради БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури.
Ташкилот раҳбари Дэвид Бизлининг айтишича, ҳозирдаям ўнлаб давлатларда миллиондан ортиқ киши очдан ўлиш хавфи остида яшамоқда, вазият янада ёмонлашса 30га яқин давлатда очарчилик бошланиши мумкин.
Халқаро валюта фонди баҳоларига кўра, пандемия ва унинг оқибатларидан асосан низолар туфайли кучсизлашган давлатлар катта зарба олади.
Умуман олганда, фонд прогнозларига кўра, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатлари иқтисодиёти бу йили 7 фоизга қисқаради, ҳолбуки ўтган йили бу ҳудудларда 2,6 фоизлик ўсиш қайд этилганди. Даромадлар жиддий равишда пасаяди, пул ўтказмалари тўхтайди - бу эса хориждаги қариндошлари юборадиган пулларга қарам бўлган кўпчилик учун яшаб қолишнинг ягона манбаси ҳисобланади.
Америкалик тадқиқотчилар, террорчи гуруҳлар қашшоқлик туфайли ёшларни ёллаши осонлашишидан хавфсирашмоқда.
Ҳамон урушлар давом этмоқда
Дунёдаги 200дан ортиқ давлатдан 30-40тасида қуроллли ҳаракатлар давом этмоқда. Уларнинг аксаридаги томонлар сулҳ тузмоқчи эмас.
«Қуролли зиддиятлар ҳудуди ҳақида маълумот йиғиш дастури» (Acled) 43та давлатни санаган, Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) эса ўз тадқиқотларида 33 рақамини келтирган.
IISS ҳисоботида муаллифлар сўнгги йилларда урушлар туси ўзгарганини қайд этишган.
Урушда биратўла бир неча қудратли давлатлар иштирок этаётган бўлса ва бу давлатлар тўғридан тўғри мунтазам армия орқали эмас, ўз таъсиридаги кучлар - исёнчилар, жангарилар, ёлланма аскарлар, террорчилик тармоқлари ва бошқа жиноий ташкилотлар орқали уруш олиб бораётган бўлса тинчлик музокаралари ўтказиш янада қийинлашиб кетади.
Шу туфайли, дунёдаги урушларнинг 60 фоизи 10 йилдан кам давом этмаслиги ажабланарли эмас.
Acled ҳисоб-китобларига кўра, БМТнинг тинчлик чақириғига 43 давлатдан фақат 10тасида реакция қилинган, шундан фақат 2та давлатда ҳарбий ҳаракатлар чиндан тўхтатилган.
«31 давлатдаги урушлар иштирокчилари глобал сулҳ ҳақидаги чақириқларни нафақат инкор этди, баъзи жойларда, масалан, Ироқ, Мексика, Мозамбик ва Бразилияда ҳарбий ҳаракатлар янада фаоллашди. Умуман олганда, глобал тинчликка чақириқлар натижа бермади», дейилади Acled ҳисоботида.
Гуруҳлардан давлатларгача
Дунёнинг турли давлатларидаги бир неча ҳарбий гуруҳлар уруш болтасини кўмишга рози бўлишди, аммо кўп ҳолларда фақат ёки қисқа муддатга тинчлик ўрнатилди, ёки иккинчи томон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга қўшилмади, демакки, ҳақиқий сулҳга эришилмади.
Европа тинчлик институти раҳбари Майкл Китингнинг фикрича эса, кўплаб гуруҳлар қуролларни топшириш ўрнига аксинча, вирус кенг тарқалишидан фойдаланиб, ўз позицияларини мустаҳкамлади.
«Улар биринчи навбатда эпидемия ўзларига қандай ёрдам бериши мумкинлигини ўйлашди. Турли мухолиф гуруҳлар коронавирусдан фойдаланган ҳолда шу вақтгача қила олмаган ишларини қилиб олишни кўзлашмоқда», дея экспертнинг сўзларини келтирган Financial Times.
Масалан, Сомалидаги «Аш-Шабоб» гуруҳи христианларни коронавирус тарқалишида айблашган, касалликни эса мусулмонларга бўлган ёмон муносабат учун жазо сифатида баҳолашган.
«Толибон» Афғонистонда вазиятдан қамоқхоналардаги сафдошлари чиқариб олинишида фойдаланмоқда.
ИШИД вакиллари эса коронавирусни Аллоҳнинг Ғарб дунёсига қарши юборган аскарлари деб атади.
«Боко Ҳарам» жангарилари эса Саҳройи кабир атрофидаги ҳудудларга (Чад, Мали, Нигер, Мавритания ва Буркино-Фасо) ҳужумларни фаоллаштирди.
Америкалик олимлар Ниша Беллинжер ва Кайл Каттелманнинг сўзларига кўра, коронавирус қашшоқ давлатларни янада қашшоқлаштирмоқда ва бу террорчи гуруҳлар ўз сафларини тўлдиришида қўл келмоқда.
«Боко Ҳарам» анча вақтдан буён қашшоқ оилаларнинг фарзандларини ёллашга одатланган, Покистондаги Кашмирни Ҳиндистондан ажратиб олиш учун курашувчи «Лашкари Тойиба» ва «Жайши Муҳаммад» гуруҳлари ҳам гуруҳга содиқлик учун жангариларнинг оила аъзоларига ёрдам ваъда қилади.
Дунё вирус билан курашда банд бўлиб, бошқа фронтлар ҳақида унутганидан фойдаланган ИШИД Сурия ва Ироқда қатор ҳужумларни амалга оширди ва бу билан ушбу радикал гуруҳ минтақада ўзини тиклаши бўйича хавотирларни тасдиқлади.
Washington Institute мутахассиси Аарон Зелиннинг сўзларига кўра, гуруҳнинг «уйқудаги бўлимлари» ҳаракатга келган, АҚШ ИШИД устидан узил-кесил ғалаба қозонилгани ҳақида эълон қилганида ҳам жангарилар Ироқ ва Сурия шимолида мавжудлигини сақлаб қолганди. Бу бўлинмалар президент Башар Асад режимидан норози бўлганларни осонлик билан ўз сафига ёлламоқда.
Рамазон ойида Ироқда 300дан ортиқ ҳужум рўй берди ва бунинг оқибатида 400дан ортиқ киши ҳалок бўлди.
Бундан ташқари, ИШИДнинг турли филиаллари Сурия, Миср, Нигерия, Нигер, Конго ва Мозамбикдаги ҳужумлар учун жавобгарликни зиммасига олган.
Кимлар сулҳ эълон қилди ва бу қандай давом этди: