Бугун 23 октябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Панама канали тарихида илк бор аёл маъмур раҳбарлик қилди

Панама канали тарихида илк бор аёл маъмур раҳбарлик қилди

Денгиз муҳандиси Илия Эспино де Маротта душанба куни Панама канали маъмурияти раҳбари лавозимига киришди. У канал тарихида мазкур юқори лавозимни эгаллаган биринчи аёл бўлди.

Эспино сўнгги ўн йил давомида қиймати миллиардлаб долларга баҳоланган канални кенгайтириш лойиҳасига раҳбарлик қилган. У бунга қадар маъмур ўринбосари лавозимида ишлаган ва энди канал маъмурияти раҳбари сифатида кейинги етти йил давомида фаолият юритади.

Панама канали 1999 йил охирида АҚШ томонидан Панамага тўлиқ топширилганидан бери маъмур лавозимини атиги уч нафар панамалик эгаллаган.

Эспинонинг раҳбарлик лавозимига тайинланиши денгиз соҳасида аёлларнинг юқори раҳбарлик вазифаларига кўтарилиши рамзи сифатида баҳоланмоқда. Панама канали мамлакат иқтисодиётининг асосий таянчларидан бири бўлиб, жаҳон денгиз савдосининг қарийб 3 фоизи шу йўлак орқали амалга оширилади.

Эспинонинг асосий вазифаларидан бири канал ҳавзасидаги Индио дарёсида сув омбори қуриш лойиҳасини илгари суриш бўлади. Қиймати 1,5 миллиард долларга баҳоланаётган мазкур лойиҳа Панамадаги 4 миллион аҳолининг қарийб ярмини ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда каналнинг келажакда барқарор ишлашини кафолатлашга қаратилган.

Сув омбори лойиҳаси канал 2016 йил июнида кенгайтирилганидан кейинги энг йирик ташаббуслардан бири ҳисобланади. Кенгайтириш лойиҳаси қиймати 5,25 миллиард доллардан ошган. Расмийлар янги сув омборини 2031 йил охири ёки 2032 йилга қадар қуриб битказишни режалаштирмоқда.

Эспинонинг сўзларига кўра, асосий мақсад — сув таъминоти муаммосини ҳал қилиш билан бирга, каналдан фойдаланувчи халқаро ташувчиларнинг ишончини сақлаб қолиш. Агар кемачилик компаниялари канал келажакда етарли сув билан таъминланишига ишонмаса, юк ташишнинг бошқа йўналишларини танлаши мумкин.

Лойиҳа айрим маҳаллий жамоаларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, Панама яна кам ёғингарчилик даврига дуч келаётгани унинг аҳамиятини оширмоқда. Аввалги қурғоқчилик сабабли канал маъмурияти Атлантика ва Тинч океанлари ўртасида ҳар куни ҳаракатланадиган кемалар сонини чеклашга мажбур бўлган.

Эспино канал маъмуриятининг собиқ раҳбари Рикарте Васкес даврида унинг ўринбосари сифатида ишлаган. Шу боис у АҚШ президенти Дональд Трампнинг канал бўйича танқидлари ва таҳдидлари кучайган даврда ҳам муҳим лавозимда фаолият юритган.

Трамп канал устидан Хитой таъсири кучайганини таъкидлаб, АҚШнинг денгиз ташуви компанияларига нисбатан адолатсиз муносабатда бўлинаётганини даъво қилган ва канал устидан назоратни қайта тиклаш билан таҳдид қилган.

Эспино эса ўзининг кейинги етти йиллик фаолияти давомида канал ишини «самарали, бетараф ва шаффоф» тарзда ташкил этиш асосий вазифаси бўлишини айтди. Унинг таъкидлашича, дипломатик масалалар Панама давлати ваколатига киради.

Киритилди: 19:17 07.09.2026. Ўқилди: 986 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!