- Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан «Севимли» телеканали ҳамкорликда бошлаган «Артист» лойиҳасининг биринчи мавсуми ниҳоясига етди. Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсадларга маълум маънода эришдик. Энг муҳими, иқтидорли ёшларимизни қўллаб-қувватлаган ҳолда мусиқа санъатимизда соғлом рақобатга эришиш учун дадил қадамларни қўя олганимиз. Юзлаб истеъдодли иштирокчилардан олти нафари финалгача етиб келди. Улардан учтаси лойиҳанинг мутлоқ ғолибига айланди.
Олти нафар иштирокчиларнинг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан бир йил давомида ўз ижод маҳсулларини эркин тақдим эта олишлари учун лицензиялар берилди. Уч нафар ғолибга лицензия билан биргаликда вазирлик томонидан продюсерларга бириктирилган ҳолда уларнинг муаллифлик қўшиқларини ёзишида, клиплар суратга олишида, гала концертларда иштирок этишида ҳам моддий, ҳам маънавий тарзда амалий ёрдам кўрсатилади. Ўзбекистон маданияти ҳамда санъатига муносиб ҳисса қўшадиган истеъдодли ёшларимизни ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрмиз! Ғолиб иштирокчиларнинг ижодий ишларига биргаликда гувоҳ бўламиз! Айтганча, айни кунларда «Артист» лойиҳасининг иккинчи мавсумига старт берилади!
Озодбек НАЗАРБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири